Юксак дид – юксак маънавият ифодаси
Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ўн тўрт ёшдан ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларни маънавий баркамол, юксак ахлоқли, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳаётий масалалардан биридир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўямиз, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.”, – деган сўзлари замирида ҳам ёш авлодга бўлган алоҳида эътибор мужассам.
Мамлакатимизда жорий йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинишида ҳам ёшларга доир давлат сиёсатининг устуворлиги яққол кўзга ташланади.
Бугунги шиддатли глобаллашув, оммавий маданият ўз кучини кўрсатаётган бир даврда юртимиз ёшларини нафақат маънавиятли, ахлоқий фазилатларга эга, балки юксак дид соҳиби этиб тарбиялаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, дидсиз инсон гўзалликни, нафосатни ҳис этиш, ундан эстетик завқ олишдан йироқ бўлади.
Дид бу гўзаллик, нафосатни ҳис этиш, ундан эстетик завқ олиш қобилиятидир. Атрофимизда кечаётган ҳодиса, турли хил ҳолатлар эътибор билан кузатилса, уларнинг аксарияти дид билан боғлиқ экани аён бўлади.
Бирор бино ҳудудидаги яшил олам, бино ичининг амалий ёки тасвирий санъат асарлари иштирокида дид билан безатилиши инсонга завқ бериши, меҳнат фаолиятига ижобий таъсир қилиши исботланган.
Диднинг ўз навбатида уч хил даражаси ҳақида фикр юритиш мумкин. Бу даражалар инсоннинг мавқеи, савияси, маънавияти ва маданийлик тоифаси билан боғлиқ.
Биринчиси, объектни қандай билса шундайлигича, аниқ бир реаллик тарзида идрок этувчи мустақил фикри йўқ, бирор объектни ҳамма зўр деса, зўр экан деб қарайдиган жўн идрок этишга асосланган дид.
Иккинчиси, бежамадорликдан, ярақлаб турадиган нарса-ҳодисалардан ҳайратланадиган, модапараст дид эгаси.
Учинчиси, миллий ва умумбашарий эстетик қадриятлардан завқланадиган, уларни баҳолай оладиган, бадиий соддаликни англай биладиган кишилар диди.
Бизга юқорида кўрсатилган уч хил дид эгаларидан қай бирини танлаш эмас, сўнггиси маъқул эканлигини англаш лозим.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, дид тушунчаси эстетика фани таркибида ўрганилади. Эстетика фани асрлар давомида инсон камолоти, жамият равнақи ва давлат барқарорлигига хизмат қилиб келган ва жамиятнинг ёш бўғинини тарбиялашда ўрни беқиёс.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги "Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан Бадиий академия тасарруфидаги 15 та ихтисослаштирилган санъат мактаби ва мактаб-интернати ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мазкур фанлар жорий этилди.
Бундан кўзланган мақсад, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларнинг юксак дидли инсон сифатида жамиятда муносиб ўрин олишига, Ватан равнақига хизмат қилишига замин яратишдир.
Камол Элмиров,
Ўзбекистон Бадиий академияси Таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
ЎзА