Юк ташиш хизмати такомиллашмоқда
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмаси (AIRCUZ)нинг 2014 йилги фаолияти якунлари ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмаси (AIRCUZ)нинг 2014 йилги фаолияти якунлари ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди.Автомобилда халқаро юкларни ташиш қулай ва иқтисодий жиҳатдан фойдали транспорт хизматларидан биридир. Шу боис мамлакатимизда юк ташишнинг ушбу тури жадал ривожланмоқда.
Ўзбекистон Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмаси бош котиби М.Далилов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида транспорт коммуникациялари ва логистика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш, мамлакатимизнинг жаҳон бозори билан фаол интеграциялашуви, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилаш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 21 декабрдаги “2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмаси халқаро юк ва йўловчи ташишни ривожлантириш, ташкилот аъзолари ва хорижий шериклар ўртасида манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашаётир.
Умумий йиғилишда мамлакатимизнинг автомобилда халқаро ташиш соҳасида фаолият юритаётган компаниялари манфаатларини ҳимоя қилиш, рақобат учун шароит яратишга доир масалалар муҳокама этилди. Транспорт соҳасида ҳамкорлик қилиш учун устувор аҳамиятга эга дастур ва лойиҳалар хусусида фикрлар билдирилди. Транспорт коммуникацияларини янада ривожлантиришга инвестицияни жалб этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
– Компаниямиз Европага автомобилда юк ташиш билан шуғулланади, – дейди “Hadji Akbar” масъулияти чекланган жамияти директори Х.Муротов. – Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани самарасида автомобилда халқаро юкларни ташиш бизнесини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилмоқда.