Юқумли касалликларнинг олди олинади
Бачадон бўйни раки аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади.
Бачадон бўйни раки аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади. Ушбу хасталик барча аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон бези ракидан кейин учинчи ўринда. Туғиш ёшидаги аёллар ўртасида эса иккинчи ўринда туради.
Одам папиллома вируси эса ушбу касалликнинг бош омилидир. Маълумки, вируслар сабабли келиб чиқувчи касалликлар инсон саломатлигида долзарб муаммолардан биридир. Профилактик эмлаш эса юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олишдан энг самарали чора-тадбирлардан ҳисобланади.
Хоразм вилояти давлат санитария ва эпидемиология назорати марказига маълумотларига кўра, жорий йилда Хоразм вилоятида 16 минг 669 нафар 9 ёшдаги қизлар одам попиломаси вирусига қарши эмланади.
Таъкидлаш лозим одам папиллома вируси 70 фоиз аёлларда аниқланади. Эътиборлиси, вирусга қарши эмлаш бачадон бўйни саратонига чалинишни қарийб 90 фоиз ҳолатларнинг олдини олишга имкон беради.
– Профилактик эмлаш жараёни ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти кўмагида жорий йилнинг 21 октябрдан 1 ноябрига қадар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида амалга оширилмоқда, – дейди вилоят давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази бўлими мудираси Садоқат Аннамуратова. – Айни дамда эмлаш ишлари таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек марказлашган тиббиёт муассасаларида давом этмоқда. Уларнинг барчаси Гардисил вакцинаси билан етарлича таъминланган. Шунингдек, вакцинани олиб келиш ва етказиб бериш жараёнида совуқлик занжири қоидаларига тўлиқ амал қилиниши қаттиқ назоратга олинган бўлиб, барча шифокор ва мутахассислар махсус курсларни тугатган.
Профилактик эмлангач инсон организми вирусга қарши аксил таначалар ишлаб чиқаради ва агар вирус қачондир организмга кирадиган бўлса, уни енга оладиган ҳимоя тизими шаклланади. Юқумли касалликларга қарши қилинаётган мазкур вакцинация аёллар саломатлигини асрашда ҳар томонлама ўта қулай, бепул ва хавфсиздир. Бироқ уни амалга ошириш учун қулай шароит ва етарлича тиббий тажриба лозим бўлади.
– Профилактик эмлаш жараёни уч босқичда давом этади, – дейди Урганч шаҳридаги мактаб шифокори Дилором Ўринова. – Шу сабабдан, 3 та хона махсус тайёрланган. Биринчи хонада қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, врач текширувидан ўтказилади. Иккинчи хонада вакцина билан эмланса, учинчи хонада ҳар эҳтимолга қарши, бир муддат шифокор, ҳамшира ва ота-онасининг кузатувида бўлади. Бугун мактабимизда 41 та қиз вакцина билан эмланган бўлса, уларнинг биронтасида ножўя таъсир кузатилмади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда баъзи ижтимоий тармоқлар ушбу вакцинация масаласи турлича баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётир. Бироқ жаҳон тажрибасига кўра, боланинг туғилганидан ва то 16 ёшгача бўлган турли босқичларда эмлаш уни келгусида хавф солувчи касалликлардан ишончли ҳимоялайди. Айниқса, вакцинациянинг юқори клиник самарадорлиги ва хавфсизлиги ўтказилган йирик клиник тадқиқотларда ҳам ўз исботини топган. Ҳозирда ушбу вакциналар билан 110 давлатда хотин-қизлар эмланмоқда.