Ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди
Миллий олимпия қўмитасида яна 29 кундан сўнг бошланадиган "Аичи-Нагоя-2026" ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддилари, мутахассислар, етакчи экспертлар иштирок этган йиғилишда бўлажак йирик комплекс мусобақага, шунингдек, “Президент олимпиадаси”нинг финал босқичига олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари ҳақида сўз борди.
Йиғилишда Ўзбекистон делегациясининг “Аичи-Нагоя-2026” ёзги Осиё ўйинларидаги иштироки, спортчиларнинг тайёргарлик ҳолати ва мусобақадаги имкониятлари юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Хусусан, делегациямиз қатнашаётган спорт турлари ҳамда уларнинг имкониятлари ҳар бир атлет кесимида таҳлил қилинди. Масъулларга мусобақада муносиб иштирок этиш, барча спорт турида максимал натижа учун курашиш вазифаси белгиланди.
Мазкур йиғилишда “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ўйинларининг учинчи босқичи ҳисобланган “Президент олимпиадаси” финал мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш, дастурга киритилган спорт турлари, беллашувлар ўтказиладиган иншоотлар, меҳмонларни жойлаштириш ҳамда ташкилий ишлар билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилиш якунида ҳар икки йирик спорт тадбирига тайёргарликнинг барча йўналишлари бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Т. Рўзиев, ЎзА