Ёзги оромгоҳ - энг завқли даргоҳ
Сўх туманининг сўлим гўшасида жойлашган “Сўх” оромгоҳи ёзги соғломлаштириш мавсумининг иккинчи босқичида 197 нафар болани ўз бағрига чорлади.
- Болажонларнинг мавсумни мароқли ўтказиши учун оромгоҳда барча шарт-шароитлар яратилган, - дейди болалар оромгоҳи директори Таваккал Эркаев. - Шу билан бир қаторда, масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда турли кўнгилочар, интеллектуал ёки маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб борилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 2022 йилда барпо этилган “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳи қисқа вақт ичида болажонларнинг севимли масканига айланишига улгурди. Тоза ҳаво, сўлим табиат, пурвиқор тоғларнинг гашти янада завқли. Оромгоҳдаги ҳар бир кун эсда қоларли, қувончларга тўла тарзда ўтмоқда. Бу ерда ўғил-қизларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши билан бирга, жисмонан чиниқиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари, билимларини оширишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Жорий йил мавсумда Фарғона вилоятидаги мавжуд 14 та болалар оромгоҳида 10 минг 610 нафар ўғил-қизлар дам олади. Қолаверса, умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган 109 та кундузги оромгоҳлар 22 мингдан зиёд ўқувчиларни ўз бағрига олиши кўзда тутилган.

Барча оромгоҳларда болаларнинг мазмунли дам олиши учун турли маданий-маърифий тадбирлар, фан ва санъат арбоблари билан учрашувлар, турли спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири