Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш — долзарб вазифа
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги ҳамда қуйи палата ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Ташматов, Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раҳбарлигида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлигини юксалтириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшлар ўртасида мазкур соҳага қизиқишни уйғотиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу ва интилишларини рўёбга чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳаллаларда ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиб, йигит-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кенг имкониятлар яратилди. Бу борада Миллий гвардия ва Ёшлар парламенти ўртасидаги ҳамкорлик ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фуқаролик масъулиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Учрашувда ёшлар билан ишлашда илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро алмашиш, уларнинг фуқаролик масъулияти ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш, истиқболли ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш, уларнинг жамоат ҳаётидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ташаббусларини рўёбга чиқариш, шунингдек, турли маънавий-маърифий, таълимий ва ижтимоий лойиҳаларни ҳамкорликда ташкил этиш каби вазифалар ўз аксини топган.
М.Комилова, ЎзА