Ёшларни наркожиноятлардан асраш — келажакни асраш
Бугун гиёҳвандлик ва наркожиноятчилик нафақат инсон саломатлигига, балки жамият хавфсизлиги, оила барқарорлиги ва ёш авлод келажагига жиддий таҳдид солаётган муаммолардан биридир.
Айниқса, ёшларнинг гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб қолиши уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, жамиятда муносиб ўрин топиши ва соғлом ҳаёт кечиришига жиддий тўсиқ бўлади.
Гиёҳвандликнинг оқибати бир инсон тақдири билан чекланмайди. У оилага кириб боради. Яқинлар ўртасидаги муносабатларга путур етказади. Ёшларнинг орзу-мақсадларини барбод қилади. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик баъзан наркожиноятларга олиб борувчи хавфли йўлнинг бошланишига айланади.
Шу боис мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни гиёҳвандлик балосидан асрашга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ҳужжатда аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик иллатидан ҳимоя қилиш, уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш, энг муҳими, вояга етмаганлар ва ёшлар келажагини гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалардан ҳар томонлама асраш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Фармонда таълим муассасаларида ўқувчи ва талабалар орасида психофаол моддалар тарқалишига бутунлай чек қўйиш, ёшларда гиёҳвандлик иллатига муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича таъсирчан профилактик чораларни комплекс амалга ошириш вазифаси ҳам белгиланган.

Айнан шу вазифалар ижроси нуқтаи назаридан Олий Мажлис Сенатининг 2026 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режасига мувофиқ, август ойида Тошкент шаҳрида ёшлар ҳамда хотин-қизлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва бошқа кучли таъсир қилувчи моддалар истеъмоли, уларнинг тарқалиш сабаблари ҳамда профилактика ишларининг самарадорлигини ўрганиш белгиланган.
Мазкур топшириқ ижроси доирасида Баҳодир Боборажабов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида университетда ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда бошқа кучли таъсир қилувчи моддалар истеъмолининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА