Ёшларга қанот бўлган беш муҳим ташаббус
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида беш ташаббус фестивали ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус мамлакатимиз ёшлари ҳаётида ўз муносиб ўрнини топди. Уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилди. Йирик шаҳарлардан бошлаб олис қишлоқ ва овулларгача беш ташаббус доираси тадбирлар ташкил этилди. Ҳар бир йўналиш бўйича истеъдодли ёшлар кашф этилди, ўғил-қизларнинг маданият ва санъатга, спорт, ахборот технологиялари, китобхонликка қизиқиши ошди. Кўплаб ёшларнинг ҳаётида бу ташаббуслар туб бурилиш ясади.

Ёшлар маркази биносида ана шундай йигит-қизлар, таълим муассасалари ўқувчиларининг кўргазмалари намойиш этилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги эшитишида нуқсони бўлган болалар махсус мактаб-интернати “Ёш ижодкорлар” тўгараги аъзолари томонидан яратилган миллий ҳунармандлик, рассомлик маҳсулотлари тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Ўқувчиларимиз ушбу тўгарак машғулотларида қатнашиб, санъат, маданият, ҳунармандчилик бўйича кўникма ва маҳоратини оширади, – дейди мактаб-интернат ўқитувчиси Раҳматилла Хушвақтов. – Ана шундай истеъдодли ўқувчиларимиздан бири Озодбек Раҳматов шу тўгаракка қатнашиб, бир қатор нуфузли кўрик-танловларда қатнашган ва фахрли ўринларни олган. Яқинда, октябрь ойида Россиянинг Москва шаҳрида ўтказилган “Янги авлод” ёш ижодкорлар фестивалида тасвирий санъат йўналиши бўйича “Менинг қишлоғим” номли асари билан қатнашиб, биринчи ўринни эгаллаб қайтди.
Фестивалда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Х.Очилов ва бошқа масъуллар сўзга чиқиб, вилоятда беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Йил давомида ўтказилган кўрик-танлов ҳамда мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган ўқувчилар, уларнинг устозлари муносиб тақдирланди.

– Ахборот технологиялари йўналиши бўйича ўтказилган танловда енгил конструкцияли қурилиш материалларидан бунёд этилган биноларни бузмасдан кўчиришда қўлланиладиган қурилма (кран) лойиҳаси билан қатнашгандим, – дейди Самарқанд шаҳридаги 80-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ғолибжон Дилшодов. – Ушбу ишим юқори баҳоланиб, биринчи ўринни қўлга киритдим. Бундан жуда хурсандман. Ҳали яна бир қанча лойиҳаларим бор. Улар устида ҳам ишлаб, ихтиролар қилиш ниятидаман.

Фестиваль шаҳар ва туманларидан келган 250 нафардан зиёд ўқувчиларни бирлаштирди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА.