Ёшлар - Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳал қилувчи кучи
Бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил давом этмоқда. Инсон капиталига сармоя киритиш, билимли, замонавий фикрлайдиган ва рақобатбардош ёш авлодни вояга етказиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади.
30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз ёшлари билан ўтказган учрашуви мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг навбатдаги муҳим босқичини белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари нутқида ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланганини таъкидлади. Шу билан бирга, бугунги глобал рақобат шароитида мамлакатлар тараққиёти, аввало, билим, технология ва инсон капиталига боғлиқ эканини қайд этиб, ёшларни илм-фан, инновациялар ва замонавий технологияларни чуқур эгаллашга чақирди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус ва ғоялар олий таълим муассасалари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Чунки университетлар нафақат юқори малакали мутахассислар тайёрлайди, балки мустақил фикрлайдиган, юксак маънавиятли, Ватан тақдири учун масъулиятни чуқур ҳис этадиган авлодни камолга етказади.
Айниқса, Президентимизнинг “Ёшлар Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган асосий куч бўлиши керак”, деган ғояси мамлакатимиз ёшлари учун дастуриламал вазифасини ўтайди. Бу чақириқ Шарқ цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини ўрганишга ихтисослашган Тошкент давлат шарқшунослик университети жамоаси учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Зеро, шарқшунослик фақат тил ва маданиятни ўрганиш эмас. Бу соҳа Ўзбекистоннинг геосиёсий манфаатлари, иқтисодий ҳамкорлиги ва маданий дипломатиясини халқаро майдонда муносиб ифода этадиган юқори малакали кадрларни тайёрлашга хизмат қилади. Шу маънода, давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар ёшларнинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш, хорижий тилларни мукаммал эгаллаш, миллий қадриятларга садоқат ва кенг дунёқарашни шакллантириш университетимиз фаолиятининг асосий йўналишлари билан ҳамоҳангдир.
Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳам мазкур вазифаларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Талабаларнинг сифатли таълим олиши, шарқ ва хорижий тилларни пухта ўзлаштириши, илмий тадқиқотлар билан шуғулланиши, халқаро таълим дастурлари ҳамда академик алмашинув лойиҳаларида иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, волонтёрлик ҳаракатлари ва жамоатчилик фаоллигини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун университет ёшлари инновацион ғоялар, стартап лойиҳалар, рақамли таълим технологиялари ҳамда хорижий тилларни ўқитишнинг илғор услублари устида самарали фаолият юритмоқда. Президентимиз томонидан эълон қилинган янги лойиҳалар, грант дастурлари ва ёш олимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар эса уларнинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш учун мустаҳкам замин яратади.
Айниқса, шарқшунослик соҳасида таҳсил олаётган ёшларнинг бир нечта хорижий тилларни эгаллаши, халқаро муносабатлар, дипломатия, иқтисодиёт ва маданий алоқалар соҳаларида чуқур билим олиши мамлакатимиз ташқи алоқаларини янада мустаҳкамлайдиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз таъкидлаганидек, ёшларнинг билим ва салоҳияти мамлакатнинг энг катта бойлигидир. Бу ишонч биз, педагоглар ва олий таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига янада юксак масъулият юклайди. Университетимиз жамоаси ҳар бир талабанинг иқтидорини юзага чиқариш, унинг илмий, интеллектуал ва маънавий камолоти учун замонавий таълим муҳитини янада такомиллаштириш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.
Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашув мамлакатимиз ёшлари учун янги марралар сари дадил интилиш, эзгу мақсадлар йўлида янада фаол бўлишга кучли руҳий туртки берди. Ишонаманки, билимли, ташаббускор, ватанпарвар ва юксак маънавиятли ёшларимиз Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, юртимиз равнақи ва халқаро нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Қудратилла Омонов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори