Ёшлар овозига қулоқ тутилмоқда
Видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ижроси амалда
Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янги босқичга олиб чиқиш, истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июнь куни ўтказилган Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳани такомиллаштириш, ёш ижодкорларни рағбатлантириш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини амалиётга татбиқ этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Ана шу устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёти аввало ёш авлоднинг билим ва истеъдоди, ижодий тафаккури ҳамда эзгу интилишлари билан чамбарчас боғлиқ.

Шу муносабат билан Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактабида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Мазкур мулоқот маданият соҳасида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларнинг орзу-интилишлари, таклиф ва ташаббусларини ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда жами 50 нафардан ортиқ ёш иштирок этди. Учрашув давомида санъат таълими сифатини ошириш, ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларнинг соҳадаги муаммолари ва таклифларини ўрганиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Айниқса, ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларнинг ҳар бири диққат билан тингланиб, уларнинг амалий аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди. Муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан мутасадди раҳбарлар томонидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири