Ёшлар нуфузли университетлардаги таълим имкониятлари билан танишди
Бухоро шаҳрида «Таълим ва касб – 2026» халқаро таълим кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ҳамда Европа ва Осиёнинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари, ўқувчи-ёшлар ва талабалар иштирок этди.
Кўргазма ёшларни маҳаллий ва хорижий университетларда таълим олиш имкониятлари, халқаро таълим дастурлари, замонавий касблар ҳамда меҳнат бозоридаги янги тенденциялар билан таништиришга қаратилди.
Тадбирда университетлар вакиллари таълим йўналишлари, қабул жараёнлари, ўқиш шартлари, стипендия ва грант дастурлари ҳамда академик алмашинув имкониятлари ҳақида маълумот берди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган олий таълим муассасалари вакиллари билан бевосита мулоқот қилиб, саволларига жавоб олди.
Кўргазма доирасида Буюк Британиянинг Ланкастер университети томонидан инглиз тилида «Cyber Heroes» мавзусида маъруза ташкил этилди. Унда рақамли технологиялар ва киберхавфсизликка оид долзарб масалалар ёритилди.
Ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиши, замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллаши халқаро таълим имкониятларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга. Кўргазмада тақдим этилган дастурлар ва мутахассислар тавсиялари иштирокчиларга таълим йўналиши ҳамда касб танлаш борасида зарур маълумотлар олиш имконини берди.
[gallery-32555]
Мактаб, академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари, шунингдек, талабалар турли университетларнинг таълим дастурлари ва қабул талаблари билан танишиб, келгуси ўқиш ва касбий фаолиятига оид режалари юзасидан маслаҳат олди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА