Ёшлар муаммолари тингланди
Ёшларнинг муаммосини эшитиш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни амалий натижага айлантириш — бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Ховос туманида ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам ёшларни қийнаётган масалалар билан бир қаторда, уларнинг янги ғоя ва лойиҳалари муҳокама қилинди.
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ёшлар куни доирасида Карвонсарой маҳалласида ёшлар билан учрашди. Эътиборли жиҳати, мулоқот одатий расмий йиғин шаклида эмас, очиқ осмон остида, аҳоли ва ёшлар иштирокида эркин муҳитда ташкил этилди.

Карвонсарой, Еттигузар ва Ховособод маҳаллалари ёшлари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган учрашувда мурожаатлар тўғридан-тўғри тингланди. Бандлик, тадбиркорлик, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредит, кадастр, ижтимоий ҳимоя, спорт ва маданиятга оид масалалар ўртага ташланди.
Мулоқотда айтилган ҳар бир масала бўйича аниқ вазифалар белгиланиб, масъуллар бириктирилди. Хусусан, Еттигузар маҳалласида яшовчи Санжарбек Ҳамдамқуловнинг паралимпия йўналишидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Озодбек Қарабоевни мусиқа асбоблари билан таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.


Карвонсаройлик Сарвиноз Ғофурованинг ташаббуси асосида 12-мактаб ҳудудида универсал спорт майдони барпо этиш ва унинг стартап лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашиш белгиланди. Илёсбек Рўзибоев томонидан таклиф этилган стартап лойиҳасини Еттигузар, Карвонсарой ва Ховособод маҳаллаларида жорий этиш имкониятлари ҳам ўрганилади.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлганларга имтиёзли кредит ажратиш, кадастр масалаларига ечим топиш, футбол тўгарагини ташкил этиш бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берилди. Карвонсарой маҳалласида шахмат бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақасини ўтказиш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди.

Учрашувда фақат ёшлар эмас, аҳолини қийнаётган кундалик муаммолар ҳам муҳокама марказида бўлди. Карвонсарой оилавий поликлиникасини тўлиқ таъмирлаш, зарур дори воситалари таъминотини яхшилаш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, дренаж тармоқларини тозалаш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва кўчаларни ёритиш бўйича вазифалар белгиланди.

Муҳими, учрашувда кўтарилган масалалар қоғозда қолиб кетмаслиги учун ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар ва ижро муддатлари аниқ белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири