Ёшлар муаммолари ўрганилди
Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 110- умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Ёшлар – келажак бунёдкори!” шиори остида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда тумандаги мактаблар, академик лицей ҳамда техникумларнинг 200 нафаридан ортиқ сардор ва ёшлар етакчилари иштирок этди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Миробод туманида 140 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 58 минг нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Мулоқотда туманда ёшлар билан ишлашнинг янги тизимини жорий этиш юзасидан сардорлар ва ёшлар етакчиларининг таклиф-мулоҳазалари тингланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Миробод тумани кенгаши томонидан ёшлар ўртасидаги муаммоларни суриштириш ишларини етарли даражада ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, тумандаги ёшлар эхтиёжларини ўрганишда тизимли ишларни ташкил этиш, муаммоларни жойида ҳал қилиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан тавсиялар берилди. Таклиф ва мулоҳазалар асосида туманда ёшлар билан ишлаш самардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий кенгаши томонидан туманда ёшлар билан ишлашнинг самарали ва ижобий тизимларини яратишда фаоллик кўрсатган ёшлар етакчиси, “Иттифоқ” ва “Камалак” сардорлари ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА