“Ёшлар куни”га креатив ёндашув
Ҳафтанинг пайшанбаси “Ёшлар куни” сифатида раҳбарларнинг иш дастуридан йигит-қизлар билан учрашув вақти сифатида қатъий ўрин олди. Дастлаб раҳбарлар меҳнат жамоалари, ўқув юртлари, завод ва корхоналарга бордилар. Бу учрашувлар мулоқот тарзида эди. Энди ҳоким ва раҳбарлаар масалага креатив ёндошдилар.
Масалан, Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов шаҳар-туманлардаги мактаб, техникум битирувчиларини уюшган ҳолда йирик ишлаб чиқариш мажмуасига олиб борди. Маълумки, «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида кўплаб замонавий корхоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бир гуруҳ ёшлар ушбу ҳудудда бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов иштирокида бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида йигит-қизларларнинг бандлигини таъминлаш, амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари хусусида сўз юритилди.

Ёшлар касб танлаш, келажак ҳаёти режасини тузишда ўзи кўрган, ўрганган корхоналар шарт-шароити, иш ҳақи, шахс истиқболига яратилган имкониятларни идрок этиб қарор қабул қилдилар. “Ёшлар куни”нинг бу шакли уларга маъқул бўлди.
"Ёшлар куни" тадбирлари доирасида Қўқон шаҳрида барча идора-ташкилотлар ҳамкорликда ёшларнинг муаммо ва масалаларини ҳал этишда иштирок этдилар.

Хусусан, Қўқон шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан Қўқон давлат университетида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ёшлар билан учрашиб, уларни қизиқтирган касблар бўйича иш ўрни билан таъминлашга ваъда берди.

Маъруфжон Усмонов мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ёшларнинг имкониятларини намоён этиш, бандлигини таъминлаш, таълимни давом эттирган ҳолда меҳнат қилиши учун яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар хусусида маълумот бериб, барча меҳнат ярмаркаси иштирокчилари ўзлари истаган иш ўринларига эга бўлишларига ишонч билдирди.
Меҳнат ярмаркасида шаҳардаги етакчи корхоналар, идора ва ташкилотлар вакант иш ўринлари билан иштирок этиб, ёш ва салоҳиятли кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш имкониятига эга бўлдилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА