Ёшлар келажаги учун замонавий маскан
Бухоро вилояти Шофиркон туманида ёш авлоднинг билим олиши, иқтидорини намоён этиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган замонавий “Ёшлар маркази” фойдаланишга топширилди.
Марказнинг очилиш маросимида республика Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, вилоят ва туман мутасаддилари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда кўплаб ёшлар иштирок этди. Тадбирда мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида фикр юритилди.
Лойиҳага мувофиқ, “Ёшлар маркази”да замонавий ахборот технологияларини ўрганиш учун махсус хоналар, техникага қизиқувчи ёшлар учун робототехника тўгараклари, 2 мингдан ортиқ китоб фондига эга “Book cafe” китоб мутолааси маскани ташкил этилди. Шунингдек, шахмат-шашка, стол тенниси каби спорт тўгараклари ҳамда интеллектуал салоҳиятни оширишга хизмат қилувчи “Заковат клуби” курслари йўлга қўйилди.
[gallery-29292]
-Ушбу “Ёшлар маркази” қурилиши “Ташаббусли бюджет” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Сухроб Абдуллаев. - Лойиҳа учун ўтган йили 1,5 миллиард сўм маблағ ютиб олинди. 2025 йил сентябрь ойида бошланган қурилиш ишлари маҳаллий пудратчи “Gulistonobod qurilish gold servis” MCHJ томонидан амалга оширилди.
Тадбирда сўз олганлар мазкур марказ ёшларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, иқтидорли йигит-қизларнинг салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш марказ фаолиятининг асосий мақсадларидан бири экани қайд этилди.
Алвон лента қирқилиб, марказ расман фойдаланишга топширилгач, иштирокчилар бинода яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди. Айниқса, чекка туманда шундай муҳташам ва имкониятларга бой масканнинг барпо этилгани ҳудуд ёшлари учун катта ҳадя бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.