Ёшлар ҳаётини акс эттирган кўргазма
Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик» шиори остида агентлик фотомухбирларининг фотокўргазмаси ташкил қилинди.
Кўргазмада 100 га яқин рангли фотосуратлар намойиш этилди.
Уларда Ўзбекистон ёшларининг бугунги кундаги турли соҳалардаги фаолияти ва муваффақиятлари акс этган. Жумладан, ёшларимизнинг илм-фан, маданият, санъат, спорт, ҳарбий ва бошқа соҳаларда олиб бораётган ишлари, матонатлари ва эришган ютуқлари ифода этилган. Фотосуратларда ёшларнинг бугунги ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.
[gallery-18113]
– Ўттиз йилдирки, фото оламида фаолият юритаман, – деди ЎзА фотомухбири Алмурод Мамадаминов. – Расм олиш ҳам алоҳида бир санъат. Олган фотосуратларимнинг асосий қисмида ёшлар ҳаёти акс этган. Улар турли соҳаларда ўз олдиларига қўйган мақсадлари сари одимлар экан, олдиларидаги тўсиқларни ва машаққатларни енгиб ўтмоқда. Ватанимиз келажагини белгиловчи ёшларимизнинг бу меҳнатлари ва муваффақиятлари, албатта, давлатимиз томонидан рағбатлантириб борилмоқда. Ёшларимизни кейинги зафарларга ундаш ва уларнинг хатти-ҳаракатларидан ўсиб келаётган ёш авлод ўрнак олиши ва руҳланиши учун ҳам бугунги кўргазманинг ўрни беқиёс.
Кўргазмадаги ҳар бир фотосуратда жараёнлар ўзига хос тарзда жонли акс этган бўлиб, томошабин жараён иштирокчисига айланиб қолади, гўё. Кўргазмадаги суратларнинг ранг-баранг мавзудалиги иштирокчиларга ўзгача завқ бағишлади.
Гулноза Бобоева,
Носиржон Ҳайдаров,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА