Ёшлар ҳаётига доир веб-сериал премьераси
Сирдарё вилоят Ёшлар марказида Ёшлар ишлари агентлиги ва “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси ижодкорлари томонидан тайёрланган “Кураш – ҳаёт давом этади” веб-сериалининг премьераси бўлиб ўтди.
– “Мазкур веб-сериал ҳақиқий ҳаётдаги турли шароитларда яшаётган ўсмирларнинг катта ҳаёт йўлидаги кураши ҳақида ҳикоя қилади.Сериал қаҳрамонлари ўзига хос феъл-атворли ва танлаган йўллари билан бошқалардан ажралиб туради. Веб-сериал ёшларни қийнаётган долзарб муаммоларни юзага олиб чиқиш билан бирга, уларнинг асл сабаблари нимада эканлигига ҳам эътибор қаратади. Бу, айниқса, ҳар бир етакчи ва раҳбар кўриши керак бўлган веб-сериалдир. Ота-оналар учун ҳақиқий "кўзгу" вазифасини ўтайди,–дейди Сирдарё вилояти ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Азизбек Турдимуродов.
[gallery-21016]
“Ёшлар форуми – 2024” доирасида ўтказилган веб-сериал премьерасида сериал қаҳрамонлари ҳам ташриф буюришди ва ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди. Сериалда ёш ва катта авлод ўртасидаги қарама-қарши дунёқарашлар, ўзаро муносабатлардаги келишмовчиликлар туфайли юзага келадиган салбий оқибатлар томошабинга чуқур ва таъсирли тарзда намойиш этилади.
Сериал 10 қисмдан иборат бўлиб, бугунги кунда ёшлар ва уларнинг қийнаётган муаммолар ҳаётий воқеалар мисолида кўрсатиб ўтилган. Бу эса, нафақат ёш, катта томошабинларда ҳам ижобий таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари