Ёшлар форуми: Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ва мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар Янги Ўзбекистонда устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу борада энергетика соҳасида меҳнат қилаётган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва тажрибасини бойитиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган Ёшлар форуми ана шундай муҳим майдонлардан бирига айланди.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамкорлигида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда турли ҳудудлардаги иссиқлик электр станциялари ва марказларида фаолият юритаётган 120 нафардан ортиқ ёш мутахассис иштирок этди.

Форумнинг асосий мақсади соҳада меҳнат қилаётган ёшларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш учун қулай мулоқот майдонини яратиш ҳамда истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Дастур мазмунан бой ва ранг-баранг тадбирларни қамраб олди. Уч кун давомида иштирокчилар учун маданий-маърифий дастурлар, спорт мусобақалари, интеллектуал танловлар, жамоавий беллашувлар, очиқ мулоқотлар ҳамда соҳа ривожига бағишланган учрашувлар ташкил этилди.

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова бундай форумлар ёшларнинг касбий ва шахсий ривожланишида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
– Бугун мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энергетика соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Ёшлар форуми каби ташаббуслар ёш мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши, янги ғоялар билан чиқиши, жамоада ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаши ҳамда соҳага дахлдорлик ҳиссини янада оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, бундай мулоқот майдонлари келажакда тармоқ ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, замонавий фикрлайдиган ва ташаббускор кадрларни шакллантиришга замин яратади, – деди Д.Ҳошимова.

Форум доирасида ички туризмни ривожлантириш ва иштирокчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини бойитиш мақсадида пойтахтдаги Ислом цивилизацияси марказига саёҳат уюштирилди. Ёшлар мазкур марказ фаолияти, халқимизнинг бой тарихий мероси, миллий ва маънавий қадриятлари билан яқиндан танишиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича маълумот олди.
Шунингдек, очиқ мулоқотлар давомида энергетика тармоғини модернизация қилиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда соҳада ёшларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиб, соҳани янада ривожлантиришга оид таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Форумнинг тантанали ёпилиш маросимида фаол иштирок этган ёшлар муносиб тақдирланди. Тадбир давомида бундай форумлар соҳада меҳнат қилаётган ёшларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни ва масъулиятини янада ошириш, уларни янги ғоя ва ташаббусларни амалга оширишга рағбатлантириш, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда малакали кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, энергетика соҳасида ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун билим ва тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларда фаол иштирокини таъминлаш ҳамда инновацион ғояларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бундан буён ҳам соҳанинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА