Ёшлар бугунимиз ва эртанги кунимиз давомчилари
Юртимизда ёшлар учун барча имкониятлар эшиги очиб берилмоқда. Айниқса, тезкорлик ва жадаллик билан ривожланиб бораётган дунё мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ёшларининг етакчи ўринда бўлмоғи, бу йўлда барча бирдек ҳаракат қилиши лозимлиги ҳар битта олиб борилаётган ислоҳотда дастуриламал сифатида белгилаб берилган.
Хусусан, Президентимизнинг жорий йилнинг 13 апрель куни ўтказган навбатдаги видеоселектор йиғилишида ҳам ёшларимизнинг келажаги ва эртаси йўлида изчил давом этаётган жараёнларда барча ташкилот раҳбарию ходимлари масъулият билан ёндашиши кераклиги айтиб ўтилди. Ушбу йиғилишда ёшларнинг бандлиги, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида қатор топшириқлар ва имкониятлар белгилаб берилди.
Чунончи, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши қанчадан қанча ёшларнинг орзу-истаклари рўёби десак, муболаға бўлмайди. Бунинг замирида халқимизнинг фарзандлар тақдирига бефарқ эмаслигини яна бир бор гувоҳи бўламиз. Илло, ўзингиз ўйланг, ўз ота-онасининг меҳридан мосуво бўлган, катталарнинг гуноҳи, хатоларига жавобгар бўлиб, «Меҳр уйлари»да мунгли кўзлари билан боқиб турган болаларимиз тақдирига бугун давлатимиз беэътибор эмас. Уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, ўз эзгу йўлларини танлаб олишида биз кўмакдош бўлишимиз лозим эканлиги ҳар биримизга улкан масъулият юклайди.
«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар хариди учун «Микрокредитбанк», «Алоқабанк» ва «Халқ банки»дан имтиёзли кредитларнинг ажратиб берилиши – бу соҳага қизиқувчи ёшларимизга яна бир қулайлик бўлди. Энди улар хоҳ шаҳар хоҳ қишлоқ бўлсин ўзларининг лойиҳалари учун керак бўладиган техникаси бор. Улар янги Ўзбекистонга янги таклифлар, лойиҳалар кирита олади. Компьютерлашган замонда, албатта, ҳар бир ёшда энг замонавий компьютери, бугун ривожланаётган Ўзбекистонда ёшлар учун барча имкониятлар бўлиши шарт ва лозим.
Айни кунда, юртимизда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган ёшларимиз талайгина. Хоҳлаймизми, йўқми, бу соҳада бир қанча тўсиқлар мавжудлигидан хабаримиз бор. Айниқса, муаммоларга сабаб бўлаётган ижара ҳақи, аукционга қўйилаётган давлат мулклари кабилар ёш тадбиркорларнинг муаммосига айланмоқда. Буларни ўрганиб ва таҳлил қилиб чиққан давлатимиз раҳбари ёш тадбиркорларга янги шарт-шароитлар эшигини очиб берди.
Хусусан, ижарага бино олиб бизнесини бошлаётган ёшларга бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилиши, ходимлари сонининг камида 70 фоизи «Ёшлар дафтари»га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз ажратилиши ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмаслиги, «Ёшлар дафтари»га кирган 5 нафардан ортиқ ишсиз бандлигини таъминлаган ёш тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёзлар берилиши фикримиз исботидир. Бу эса юртимиздаги имкониятлардан ҳеч бир ёш четда қолиб кетмаслигидан далолат беради. Бугун бизга минглаб, миллионлаб қараб турган кўзларнинг қуёшдек чақнаб туришида, биз суянч ва таянч бўлмоғимиз даркор.
Ёшлар – Ўзбекистонимизнинг келажаги. Улар даҳо аждодларнинг муносиб ворислари, ёруғ осмонимизнинг сўнмас юлдузлари, бугунги азим чинорларнинг бағрида ўсиб-унаётган барқарор нав-ниҳоллардир. Шундай экан, ёшларимиз бундай шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юртимизнинг, она халқимизнинг эртаси учун камарбаста бўлишга ҳаракат қилиши шарт. Зеро, бир кун бу ниҳоллар ҳам азим чинорлар сафидан ўрин олади.
Жамшид Ходжаев,
Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги
Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи, Сенатор.