Ёшлар билан фойдали учрашувлар ўтказилди
Жиззах вилоятининг Зомин туманида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳамда “Касбим — фахрим” фестивали мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодасига айланди.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан мулоқот чоғида илгари сурган муҳим ташаббуси — ҳар пайшанба кунини вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” сифатида самарали ташкил этиш вазифасининг ҳаётдаги амалий натижаси сифатида аҳамият касб этди.

Зоминда ўтказилган тадбирлар ёшларнинг интилиши, изланиши ва касбга бўлган муҳаббатини бир майдонда мужассам этди. Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов иштирокидаги “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви очиқ мулоқот, самимий суҳбат ва истиқбол режалари муҳокамасига бой тарзда ўтди. Нуфузли меҳмонга Жиззах вилояти Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Сарвар Назарқосимов ҳамроҳлик қилди.
Учрашувда ёшларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган замонавий касбларга йўналтириш, бандлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Туман марказида ташкил этилган “Касбим — фахрим” фестивали эса ёшларнинг иқтидори, билим ва амалий маҳоратини намоён этган йирик майдонга айланди. “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” миллий касбий маҳорат танловининг туман босқичида иштирок этган ёшлар, айниқса, ошпазлик йўналишидаги қатнашчилар ўз маҳорати ва ижодкорона ёндашуви билан йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида дуал таълим асосида таҳсил олиб, “Artel Electronics Zomin” корхонасида фаолият юритаётган ўқувчилар билан ҳам учрашув ташкил этилди. Таълим ва ишлаб чиқариш уйғунлиги ёшларнинг амалий тажрибасини мустаҳкамлаш, уларни ҳақиқий меҳнат муҳитига тайёрлашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Зомин туризм ва маданий мерос техникумининг ўқув-ишлаб чиқариш базалари билан танишув чоғида таълим сифати, амалий машғулотлар самарадорлиги ҳамда ёшлар учун яратилган имкониятлар атрофлича кўздан кечирилди.
Бугун мамлакатимизда ёшларга муносабат мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Уларнинг муаммосини эшитиш, ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва орзуларига кенг йўл очиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Зоминдаги мазкур учрашув ва фестиваль ҳам ана шу эзгу сиёсатнинг амалий ифодаси, ёш авлодга бўлган юксак ишончнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА