Ёшлар бандлиги – эътибор ва ҳамкорлик марказида
Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан “Бандлик ва меҳнат муносабатлари – ёшлар учун имкониятлар” мавзусида форум ташкил этилди.
Тадбирда ёшларнинг меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтириш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш, меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари борасидаги билимларини ошириш ҳамда бандлик билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов ва Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бош мутахассиси Гулзира Муҳаммаджонова ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва устувор вазифалар хусусида сўз юритди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудда 230 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилган. Уларда иштирок этган 5 минг 852 нафар фуқаронинг 2 минг 354 нафари ёшлардир. Ярмаркаларда иш берувчилар томонидан 14 мингдан ортиқ бўш иш ўрни таклиф этилган. Доимий ишга жойлашиш учун йўлланма олганлар орасида 1 минг 81 нафар ўғил-қиз бор. Шунингдек, 769 нафар фуқаро касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш курсларига юборилган.
Форумда меҳнат бозорида талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш, ёшларнинг касбий тайёргарлигини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш, олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Мурод Камолов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Ханна Утемуратова ҳам мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, ёшларнинг меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ишга қабул қилишда қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, меҳнат шартномаларини расмийлаштириш ҳамда касбга ўқитиш имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-32406]
Форум якунида ёшлар бандлигини таъминлашда давлат ташкилотлари, иш берувчилар, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА