Ёш велоспортчилар Бўстонлиқда куч синашмоқда
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича В.Искандаров хотирасига бағишланган очиқ турнир ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, мамлакатимиз велоспорти федерацияси, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур мусобақада 73 нафар спортчи рақобатлашмоқда.
Мусобақанинг гуруҳ баҳсларида Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби аъзоси Данил Евдокимов 83 км масофани 2:03:39 вақтда босиб ўтиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Шунингдек, ушбу йўналишда Умиджон Бахтиёров кумуш, Улуғбек Саидов эса бронза медалига сазовор бўлди.
Мамлакатимизда велоспорт турини янада оммалаштириш, ёшларни Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларига қизиқтириш ва иқтидорли спортчиларни саралаш мақсадидан ўтказилаётган ушбу мусобақа 3 мартга қадар давом этади.
Ж.Тошхўжаев, ЎзА