Ёш шифокорларнинг ташаббуслари тингланди
Пойтахтимизда соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов иштирокида тиббиёт тизимидаги ёш раҳбар ва шифокорлар, шунингдек, талабалар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Анжуманда соҳадаги минглаб ёшлар, хусусан, чет элда таҳсил олаётган йигит-қизлар қатнашди. Ёшларнинг ташаббуслари тингланди. Якунланаётган йилда эришилган натижалар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, келгуси 2024 йилда тиббиёт тизимида ёшлар билан боғлиқ амалга ошириладиган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
– 2023 йил ўзбек тиббиётида ёшларга берилган кенг имкониятлар билан ҳам эсда қоларли бўлди, – дейди Амрилло Иноятов. – Хусусан, жорий йилда Тошкент тиббиёт академияси ва Бухоро давлат тиббиёт институтларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Юртимиздаги қатор тиббиёт олий ўқув юртлари хорижда ўз ваколатхоналарини очди. Ўзбекистон тиббиёт таълимида илк бор ҳамшираларга олий таълим берувчи Ҳамширалар академиясига асос солинди. Унинг таркибида Туркия Соғлиқ билимлари университети билан қўшма факультет ташкил қилинди. Илк бор талабаларга “Соғлиқни сақлаш вазири стипендияси” жорий қилинди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида муҳим трансформация жараёнлари амалга оширилмоқда. Авваллари фақатгина чет элда бажарилган юқори технологик операциялар нафақат Тошкентда, балки вилоятлар марказлари, ҳатто, туманлар даражасида бажарилиши йўлга қўйилмоқда. Миллий тиббиётимиз тарихида илк бор роботохирургик амалиётлар татбиқ этилди. Мана шу юқори технологик жарроҳлик амалиётларида айнан сиз каби ёшларнинг ҳам фаол иштироки мени қувонтирмоқда.

Очиқ мулоқотда қайд этилишича, ўтган вақт давомида ёш иқтидорли шифокорларнинг ойлик маошларига 1 миллион сўмдан қўшимча устама берилиши, олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритиш учун борган мутахассисларга ҳар ойда 2 миллион сўмдан қўшимча маош, уй-жой берилиб, клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилиниши ҳамда фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторларига 60 фоизгача қўшимчалар тўланиши жорий этилган.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари каби, тиббиёт тизимида ишлаётган IELTS, ТОEFL ва унга тенглаштирилган тил сертификатларига эга бўлганларни ҳар ойда 1 миллион сўм миқдорида рағбатлантириш механизмлари жорий этилади. Ёшлар орасида (30 ёшгача) докторлик диссертациясини ёқлаган ҳар бир илмий изланувчига ва унинг илмий раҳбарига 30 миллион сўмдан пул мукофоти берилади. Агар изланувчи аёл киши бўлса, 50 миллилон сўм берилиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА