Ёш шахматчиларимиз Сербияда Жаҳон чемпионатида қатнашмоқда
Бугун, 19 апрель куни Сербиянинг Врнячка-Бане шаҳарчасида 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтаётган ФИДЕ жаҳон чемпионатининг блиц йўналишидаги дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтади.
40 та давлатнинг 450 нафардан зиёд спортчилари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг Афруза Ҳамдамова, Муҳаммадзоҳид Суяров, Нурмуҳаммад Неъматиллахонов, Исломбек Ҳасанов, Абдумажид Ботиралиев, Акбарали Абдуҳакимов, Ҳуснорахон Ҳусниддинова, Лазизабону Комилжонова, Моҳинур Ҳикматхонова, Нилуфархон Имомқўзиева сингари истеъдодли вакиллари ўз ёш тоифасидаги мусобақаларда дона суради.

Чемпионат кун тартибига биноан бугун 1-6-тур ўйинлари ўтказилса, эртага 20 апрель куни блиц йўналишининг сўнгги 7-11-тур ўйинлари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, бир кун муқаддам Жаҳон чемпионатининг рапид йўналишидаги шиддатли мусобақалар якунига кўра, ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова 8,5 очко билан 18 ёшлилар мусобақасида Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Т.Рўзиев, ЎзА