Ёш парламентарийларнинг XII глобал конференциясига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
2026 йилнинг 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бўлиб ўтади. Мазкур конференцияга пухта тайёргарлик кўриш ва муносиб тарзда ўтказиш мақсадида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбаева раҳбарлигида Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда юртимизда илк бор ўтказилиши режалаштирилаётган Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясига тайёргарлик кўриш, ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этиш, кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳамда унда белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Парламентлараро иттифоқнинг 2025 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 150-юбилей Ассамблеясидаги нутқида илгари сурилган эди. Давлатимиз раҳбари ёшлар масалаларига алоҳида тўхталиб, ёшларни миллий парламентлар ҳамда Иттифоқ фаолиятига фаол жалб этиш зарурлигини таъкидлаган ҳолда Ўзбекистонда Ёш парламент аъзоларининг конференциясини ўтказиш таклифини билдирган эди. Бу Парламентлараро иттифоқ аъзолари бўлган 180 дан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланди.
2025 йил октябрь ойида Женевада бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 151-ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Сенати Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясини шу йил 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида битим имзолади.
Ташкилий қўмита йиғилишида Сенат Раиси бу қўллаб-қувватлов мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида миллий парламент ривожига қаратилаётган эътибор натижаси ўлароқ парламент ислоҳотларининг самараси, мамлакатимизга бўлган ишонч намунаси эканини алоҳида таъкидлади.

Мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад парламентлар фаолиятида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш, ёш парламентарийлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсатига содиқлигини намоён этиш ва парламент дипломатияси даражасини юкслаштиришдан иборат.
Конференция доирасида низолар ва рақамли трансформация шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий ҳуқуқлар ҳамда бандликни таъминлаш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, конференция тадбирлари доирасида Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлигини ҳам ўтказиш кўзда тутилган.
Бир қатор вазирлик ва идоралар, ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирокида ўтган Ташкилий қўмита йиғилишида анжуманга қизғин тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА