“Ёш китобхон” танловининг Республика босқичига старт берилди
Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёш китобхон” танловининг Республика босқичига старт берилди.
Президентимизнинг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган мазкур танловдан давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуси доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар маданиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсад қилинган.
Танловнинг республика босқичида ҳар бир ҳудуддан 3 та ёш тоифаси, жумладан, 10-14, 15-19 ва 20-30 ёш бўйича бир нафардан, жами 42 нафар ғолиб 1-9 апрель кунлари “Бадиий асарлар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб”, "Шеърият", “Буюк мутафаккир ва адиб”, “Эркин мавзу” йўналишларида ўзаро беллашади.
Танлов ғолиблари, жумладан, 1-ўрин соҳиби Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси, 2-ўринни қўлга киритган китобхон 30 миллион сўм, 3-ўрин ғолиби эса 15 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, барча иштирокчиларга “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида чоп этилган ўзбек ва жаҳон адабиёти асарлари берилади.



Гулноза БОБОЕВА, ЎзА