“Ёш китобхон” танловида Шаҳлохон етакчи бўлди
Урганчда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ўғил-қизлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ўтказилган “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичида 20-30 ёш тоифасидаги ғолиблари эълон қилинди.

Хоразм воҳасининг энг билимдон ва мутолаага ошно ёшлари жамулжам бўлган танлов натижаларига кўра, Боғотлик Гулистон Аллаберганова учинчи, Урганч тумани вакиласи Дилнура Мадаминова иккинчи ҳамда Ҳазорасплик Шаҳлохон Атабоева биринчи ўринни эгаллади.

Тантанали тақдирлаш маросимида билимга бўлган чанқоқлиги ва китобга бўлган муҳаббати барча тенгдошлари учун ҳақиқий ўрнак бўлган ғолиблар кўрсатган юксак натижалари билан қутланиб, мукофотлар топширилди.

Эндиликда Шаҳлохон Атабоева танловнинг республика босқичида вилоят китобхонларининг шаънини ҳимоя қилади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА