Ёш киноижодкорларимиз Канн халқаро кинофестивалини забт этди
“Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли фильми Канн шаҳрида ўтказилган “Festival International du Film Inclusif ENTRE DEUX... CANNES” фестивалида гран-при мукофотига лойиқ топилди.
Гарчи бу лойиҳа асосий Канн кинофестивалининг расмий танлов дастурига кирмаса-да, лекин у билан бир вақтда ва параллел тарзда Канн шаҳрида ўтказиладиган мустақил инклюзив кинофестивалдир.
Бугунги кунда Президентимиз томонидан мамлакатимизда кино санъатини ривожлантириш, ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яратилаётган кенг имкониятлар ўзбек киноижодкорларининг халқаро майдондаги иштирокини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бунинг натижасида Франциянинг Канн шаҳрида 17-марта ташкил этилган “ENTRE DEUX CANNES” халқаро инклюзив кинофестивалида Кинематография агентлиги буюртмаси асосида “Ёшлик” киностудияси томонидан суратга олинган “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли фильми Гран-прини қўлга киритди.
“Қадам” қисқа метражли фильми — бу она ва фарзанднинг меҳри, ўзаро самимий муносабатлари, сабр ва жамиятдаги тушунмовчиликларга қарши кураш ҳақидаги фильм.

Юсуф — Даун синдромли бола, аммо у мусиқага меҳр қўйган, юрагида қуёш нури билан яшайди. Онаси Зилола уни ҳаётга тайёрлайди, одамлар орасида ўрни борлигини исботлашга уринади. Фильм меҳр, инсонийлик ва даун синдроми билан туғилган боланинг жамиятга қўшилиб кетиши ҳақида.
Фильмни саҳналаштирувчи режиссёрлар – Суҳроб Қодиров ва Дилшод Усмонов. Саҳналаштирувчи рассом – Исобек Эгамбердиев.
Саҳналаштирувчи оператор – Камолиддин Зиёвуддинов.
Фильм директори – Ҳусниддин Бойматов. Студия раҳбари – Алишер Абдуназаров.
Н.Усмонова, ЎзА