Ёш дзюдочиларимиз Берлинда Европа ва Осиё жамоаларини ортда қолдирди
Дзюдочи ёшларимиз “Berlin Millennium Team Cadet European Cup 2026” халқаро турнирида 11 та медалга эгалик қилган ҳолда умумжамоада 1-ўринни эгаллади.
Германиянинг Берлин шаҳрида ўсмирлар ўртасида 35 та давлатнинг 800 нафарга яқин дзюдочилари иштирокида ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятга эришди.

Европа кубоги мақомидаги халқаро турнирнинг илк кунида ўсмир дзюдочиларимизнинг 10 нафари баҳсларга киришган бўлса, 8 нафари совринли ўринларни қўлга киритди.
Нуфузли мусобақанинг иккинчи кунги мусобақаларида 7 нафар ёш дзюдочимиз ғолиблик учун кураш олиб борди. Ҳал қилувчи беллашувларда уларнинг 2 нафари олтин, 1 нафари бронза медалига эга чиқди.

Халқаро турнир якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 4 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронза медали билан умумжамоада етакчиликка эришди. 2-ўринни қўлга киритган Франция терма жамоаси 3 та олтин, 3 та бронза медалига эгалик қилган бўлса, 2 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза медали жамғарган озарбайжонлик ёш дзюдочилар кучли учликка якун ясади.
Муросасиз беллашувларда иқтидорли дзюдочи ёшларимиздан Абубакр Сатторов, Самандар Суннатов, Чарос Ҳикматова, Зуҳра Алимова олтин, Аҳрорбек Давлатов, Маъмуржон Абдуваҳобов кумуш, Акромжон Каримов, Бобур Юсупов, Беҳрузбек Усмонов, Дилафруз Болтабоева, Ирода Сирожиддинова бронза медалларига сазовор бўлди.
Т.Рўзиев,
ЎзА