Ёш чавандозлар улоқ-кўпкарида беллашди
Сирдарё вилоятида от спортининг миллий ва анъанавий турларини ривожлантириш, ёш авлодни спортга кенг жалб этиш ҳамда чавандозлар маҳоратини ошириш мақсадида муҳим спорт тадбири ташкил этилди.
Хусусан, Сирдарё вилояти Чавандозлар мактабининг от чопар майдонида от спортининг жамоавий улоқ-кўпкари тури бўйича Миллий гвардия кубоги мусобақасининг 4-минтақавий босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада Сирдарё ва Жиззах вилоятлари, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган тажрибали чавандозлар иштирок этиб, жами 28 нафар спортчи ғолиблик учун ўзаро куч синашди. Беллашувлар юқори савияда, қизғин ва муросасиз кечиб, томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилояти Чавандозлар мактаби директори, подполковник Ёқубжон Жалилов сўзга чиқиб, бундай мусобақалар миллий спортни асраб-авайлаш, уни оммалаштириш ҳамда ёш чавандозларнинг жисмоний ва маънавий баркамоллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, у иштирокчиларга омад тилаб, мусобақа ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.

Беллашувлар давомида чавандозлар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва отларни бошқаришдаги юқори маҳоратини намойиш этдилар.
Мусобақа якунлари бўйича 1-ўринни Тошкент вилоятининг чавандозлари қўлга киритишди. 2-ўрин Жиззах вилояти, 3-ўрин эса Сирдарё вилояти чавандозларига насиб бўлди. Ғолиб ва совриндор жамоаларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур минтақавий босқичда юқори натижа кўрсатган чавандозлар кейинги республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири