Ёш боксчиларимизнинг шашди баланд
Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Чемпионатнинг 20 октябрь кунги дастурида Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар вакили навбатдаги жангларда иштирок этади. Ҳусусан, 65 килограммгача вазн тоифасида Жаҳонгир Зайнидинов Словения вакили Гаспeр Пеҳантга қарши рингга кўтарилади. Шунингдек, 80 килограммгача вазндаги жангларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Абробек Шарипов молдовалик Тимофей Магдиук билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг кечаги беллашувларида ҳамюртларимиз бир қатор ғалабаларга эришди. Жумладан, Суҳроб Раҳматуллаев қозоғистонлик Рамазан Амирни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Муҳаммадризо Укимов россиялик Умар Ибакиев устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Зулфиқор Адҳамжонов эса жазоирлик Муҳаммад Монсефни 4:1 ҳисобида енгиб, нимчорак финалга йўл олди.
Афсуски, Шодиёна Мелиқўзиева тажрибали рақиби хитойлик Сируи Янгга қарши баҳсда 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА