Ёш боксчиларимиз Чита рингларида жанг ўтказади
Россиянинг Чита шаҳрида бокс бўйича 17-18 ёшли чарм қўлқоп усталари ўртасида ўтказиладиган “Eurasian Dauria Cup” халқаро турнирида 20 та давлат вакиллари қаторида Ўзбекистон ўсмирлар жамоасининг 5 нафар аъзоси совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Мазкур нуфузли турнирда қатнашадиган Пўлатжон Шаҳбозов мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари кеча Читага етиб боришди.
Бугун, 7 сентябрь куни 13 та вазн тоифасида ташкил этиладиган халқаро турнир олдидан мандат комиссиясининг йиғилиши, вазн тоифалари бўйича қуръа ташлаш маросимлари бўлиб ўтади.

2024 йилдан бери ташкил этиб келинаётган нуфузли мусобақада боксчиларимиздан Одилшоҳ Ҳалимов -(54), Жаҳонгир Зайниддинов -(63), Диёрбек Муродиллоев (-71), Алихан Шаҳбозов (-75), Асилбек Абдусамадов (-86) Чита жангларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Мусобақада Ангола, Беларусь,, Бразилия, Замбия, Исроил, Эрон, Камерун, Кения, Комор, Куба, Қирғизистон, Ливия, Мўғулистон, Намибия, Нигерия, Россия, Тожикистон, Тунис, Жанубий Африка Республикаси ва Ўзбекистон жамоалари ўз маҳоратини намойиш этади.
Мусобақалар 13 сентябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 19 давлат вакиллари иштирокида ташкил этилган мазкур турнирда ўзбекистонлик ўсмир боксчилар 2 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган эди.
Т.Рўзиев,
ЎзА