Ёш бешкурашчиларнинг муваффақияти
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг olympic.uz сайти хабарида айтилишича, жорий йилнинг 23-28 июнь кунлари мамлакатимизнинг ёш спортчилари Қозоғистонда замонавий бешкурашнинг триатл (уч хил спорт тури) йўналиши бўйича Осиё чемпионатида иштирок этишди.
Мазкур халқаро мусобақада илк бора иштирок этган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сузиш, югуриш ва ўқ отиш йўналишларини қамраб олган қитъа чемпионатида кумуш ва бронза медалларига мушарраф бўлишди.

Жумладан, вакилларимиздан Кира Цой, Самира Абзалова, Шаҳризода Самандарова, Аслиддин Бахтиёров, Муслим Измаилов ва Садриддин Қобилжонов совринли ўринларга муносиблигини намойиш қилишди.
Қитъа чемпионатида қатнашган терма жамоа аъзолари шу йилнинг 13-19 сентябрь кунлари Миср давлатида ўтиши кутилаётган ёшлар ўртасидаги (17 ёшгача) жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА