Ёниқ қалбда санъат мўъжизаси
Дунёнинг 20 дан ортиқ давлатлари ёш скрипкачилари иштирокида Россия Федерациясининг Саранск шаҳрида бўлиб ўтган «Чудеса исскуства» (“Санъат мўъжизаси”) I Халқаро фестивалида ўзбек қизининг санъатсевар юраги, истеъдод унган бармоқлари сеҳрини кўрсата олган Фарзона Йўлдошева гран-при билан Фарғонага қайтган эди.
2018 йилда Абхазия Республикасининг Гагра шаҳрида ўтказилган «Страна души» V Халқаро кўрик-танловида ҳам унинг истеъдоди юксак баҳоланган. Ўшанда 14 ёшли скрипкачининг санъатдаги истиқболи, орзуларининг рўёбига катта умидлар билдирилгани рост.
Фарзонанинг куйлари “Камалак юлдузлари”, «Санъат ғунчалари» каби ўнлаб санъат фестиваллари орқали бутун республикамиз бўйлаб жаранг сочди. Унинг 2019 йилда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Ҳунармандлар фестивалидаги чиқишлари хорижий сайёҳ ва экспертларнинг эътиборига тушди. Бу эса ёш ижрочининг ёниқ қалбида санъатнинг чинакам мўъжизалари барқ ураётганини англатади.
2020 йилда Испаниянинг Лорет Де Мар шаҳрида бўлиб ўтган “Sea Sun Content” (Қуёш денгиз фестивали) танлови эса унга жаҳон мусиқа билимдонлари олқишига сазовор бўлиш бахтини туҳфа этди.
Ҳозирда Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабининг торли чолғулар мутахассислиги 10-синфида таҳсил олаётган санъатсевар қиз мустақил мусиқий асарлар ёзишга интилади, жаҳон мусиқасининг нодир намуналари коллекциясини яратади, инглиз ва рус тилларида равон сўзлайди, шунингдек, спортнинг енгил атлетика тури билан шуғулланади.
8 март-Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Президентимиз қарорига кўра, Фарзона Йўлдошева Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Юксак эътибор ва ишонч тимсоли бўлган ушбу мукофот она юртнинг бахтли қизи, Фарғонанинг Фарзонасини янги-янги ижодий зафарлар, ёруғ истиқбол сари йўллайди, албатта.
М.Сулаймонов, ЎзА