Йўлинг равон бўлса, манзилинг яқин бўлади
Навоий вилояти ҳудудидан ўтувчи давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўллари текис ва равонлиги бўйича республикамизнинг исталган ҳудуди билан рақобатлаша олади.
Эсимда, бир неча йиллар олдин Самарқанддан қишлоққа, Нурота туманидаги Анна қишлоғига кечаси йўлга тушишга тўғри келиб қолди. Асли Қўшработ туманида туғилган, ўша вақтда Самарқанд шаҳрида истиқомат қилаётган танишимнинг автомашинасида йўлга тушдик. Митан қўрғонидан то Жўш қишлоғигача бўлган йўл ҳайдовчилар учун гўёки синов майдони эди. Келгунича “яма”ларни санаб, эсинг кетади. Ўша вақтларда йўл таъмирталаб аҳволга келиб қолган, ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўларди. (Ҳозир аҳвол бошқача, йўл таъмирдан чиқарилиб, яхши ҳолатга келиб қолган). Белгиланган масофани босиб ўтиш учун қарийб икки соатча вақт кетарди.
Танишим, Нурота тумани ҳудудига ўтгандан кейин “Бир машина ҳайдагандай бўлайлик”, дея Нурота шаҳригача қарийб бориб-келиш узунлиги 100 километр масофага келиб кетганди. Бугун ҳам Нурота тумани ҳудудидаги йўлларга ҳар кимнинг ҳаваси келади. Бунда йўлсозларнинг алоҳида хизматлари бор.
Умрзоқ Халилов қарийб 25 йилдирки йўлда меҳнат қилади. Нурота тумани, Эски қишлоғида туғилиб вояга етган У.Халилов Навоий қурилиш коллежини битириб, Нурота тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига ишга киради.
– Ҳар бир “йўлчи” га 7 километр узунликдаги йўлни назорат қилиш юклатилган, – дейди У.Халилов. – Менга М-4-375 йўлининг 7-14 километри юклатилган. Ҳар куни ҳудудимиздаги йўлларни кўздан кечирамиз, йўл ёқаларини тозалаймиз ва тартибга келтирамиз. Баҳордан то куз ойининг ўрталаригача вақти-вақти билан бегона ўтлардан тозалаймиз. Йўл белгилари, устунларни бўёқ қиламиз. Қишда эса йўлнинг музлаган қисмига қум сепамиз, уюлиб қолган қордан тозалаймиз. Мақсадимиз, ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш.
Йўл-йўлакай Умрзоқ акадан ишингиз қийин эмасми, дея сўраймиз. У: “Ҳайдовчиларнинг йўлимиз текислигини айтиб, “Раҳмат шу йўлчиларга” дейиши барча қийинчилик ва чарчоқларни эсдан чиқаради”, дейди.
Бугунги кунда Нурота туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси туман ҳудудидаги 538 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларига хизмат кўрсатади. Унинг 344 километри давлат аҳамиятидаги ва 194 километри маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларидир.
Корхона томонидан 2021 йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида қарийб 44 миллиард 491 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари, умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида асосий фаолият бўйича эса 14 миллиард 973 миллион сўмлик таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилди.
– Тўла таъмирлаш ишларида умумфойдаланувдаги 4К390 “4Р271” автомобиль йўлидан “Совуқбулоқ” қишлоғига шохобча автомобиль йўлининг 0-5 км қисми 1 миллиард 461,1 миллион сўм маблағ эвазига шағал қопламали йўлдан асфальтобетон қопламали йўлга ўтказилди, – дейди туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси Ҳамза Худойқулов. – Мавсумлар оралиғида ёққан кучли жала ва ёмғирлардан ҳосил бўлган сел сувлари оқибатида умумфойдаланувудаги 4Р271 “4Р269 а/йўли – “Тиконли қишлоғи - Равот қишлоғи - Папанай қишлоғи - Сувлиқ қишлоғи - Модовод қишлоғи” орасидаги 0-5 ва 51,7-60 километрларида автомобиль йўлининг йўл пойи, қоплама қисми ва йўлдаги сунъий иншоотларга жиддий зарар етказилган эди. Натижада, етказилган талафотларни бартараф этиш мақсадида республика бюджети маблағлари ҳисобидан автомобиль йўлининг 0-3 километр шағал қисми қум-шағал аралашмаси билан қайта тузатилди. Йўлнинг 3-5 ва 51,7-60 километр қисмига тўлиқ қора қоришмадан қоплама ётқизилди. Шунингдек, етишмайдиган йўл белгилари, огоҳлантирувчи устунчалар ва зарар етган сув ўтказиш қувурлари қайта ўрнатилди.
Туман ҳудудидаги автомобиль йўллари доимий назоратда. Жорий йил давомида умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ишлари бўйича 5 миллиард 490,1 миллион сўм ўзлаштирилди. Бунда асосан 4Р57 “Қизилқум халқа” автомобиль йўлининг 56-59 километр қисмига иссиқ асфальтобетон қоришмасидан қоплама ётқизилди ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2 та чорраҳага светафор ўрнатилди. 3251,5 метр квадрат автомобиль йўлларида пайдобўлган носозликлар бартараф этилиб, 125 дона замонавий нур қайтарувчи йўл белгилари ўрнатилди.
Қиш йўлсозлар учун энг долзарб ва масъулиятли фасл. Мавсумни намунали якунлаш учун эса олдиндан тайёргарлик ишларини олиб бориш зарур. Корхона томонидан автомобиль йўлларида қиш мавсумида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 216,5 миллион сўмлик қишки ишлар бажарилди. Асосан 4Р57 - “Қизилқум халқа” йўлида жойлашган “Қора-қарға довони, 4Р56 - “Оқтош шаҳри - Янгиработ шаҳри - Лангар қишлоғи - Чуя қишлоғи” автомобиль йўлидаги “Лангар” довонида транспорт воситаларининг узлуксиз хавф-хатарсиз қатновини таъминлаш мақсадида сирпанчиққа қарши қум-туз аралашмаси сепилди.
Шунингдек, автомобиль йўлларидаги йўл қопламалари, кўприклар ва қувурлар, йўл жиҳозлари, автобекатларни тоза ва соз ҳолда сақлаш, йўл четлари ва йўл минтақаларини ҳар хил чиқинди, ўт-ўланлардан тозалаш ишлари олиб борилди.
Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан пудрат фаолияти бўйича қарийб 29 миллиард 518 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
– Тумандаги “Қизилча” МФЙ Қизилча қишлоғи ҳамда “Темирқовуқ” МФЙ Темирқовуқ қишлоқларида йўл инфрастуктурасини ривожлантириш мақсадида 55,6 километр узунликдаги ички йўллар таъмирланиб, қишлоқ марказий кўчаларига 216 дона тунги ёритиш тармоқлари ўрнатилди, – дейди корхона раҳбари Равшан Норбобоев.
[gallery-5225]
– “Обод қишлоқ” дастури доирасида бу ишларни бажариш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 8 миллиард 191 миллион сўмга яқин маблағ ўзлаштирилди. Шунингдек, “Обод маҳалла” дастури бўйича Ғозғон шаҳрининг “Тумар” ва “Мармаробод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ички йўлларида қарийб 24,6 километр таъмирлаш ишлари олиб борилди ва МФЙ марказий кўчаларига 156 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
“Обод марказ” дастури бўйича туман, шаҳар марказлари қиёфасини ўзгартириш ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Нурота шаҳридаги С.Сиддиқов ва Ш.Рашидов марказий кўчаси таъмирланиб, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, тунги ёритиш чироқлари ҳамда светафор ўрнатиш ишлари бажарилди. Ғозғон шаҳар “Мармаробод” МФЙ ҳудудидаги А.Темур ва Мустақиллик кўчаларида тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ички йўлларни таъмирлаш бўйича тумандаги 12 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги қишлоқларда мактаб, боғча, соғлиқни сақлаш муассасаларига олиб борувчи 9,4 километр ички йўллар таъмирланиб фойдаланишга топширилди.
Албатта, йўл равон ва текис бўлса, кўзланган манзилга бехавотир, кўнгил хотиржам ҳолда етиб бориш мумкин. Кенг ва равон йўллар манзилимизни яқин қилиб, хавфсизлигимизни таъминлашга хизмат қилади. Бунда эса йўлсозларимиз томонидан амалга оширилаётган сифатли ишлар муҳим аҳамиятга эга.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА