Йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ишлари жадал олиб борилмоқда
Мамлакатимизда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳудудларда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий автомобиль йўллари, кўприклар ва муҳандислик иншоотларини барпо этиш орқали транспорт ҳаракати хавфсизлиги ва қулайлиги таъминланмоқда.
Самарқанд вилоятида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида 558 та кўприк мавжуд. “Ўзйўлкўприк” кластери Самарқанд филиали томонидан ўтган йили 11 та объектда қурилиш-монтаж ишлари бажарилган бўлса, жорий йилда 9 та объектда ишлар давом эттирилмоқда.
Жумладан, А378 “Самарқанд – Ғузор” йўлидаги кўприк таъмирланмоқда. 4Р47 “Булунғур – Ургут – М39” йўлининг 45 ва 48-кмларида янги кўприклар қурилмоқда. Бундан ташқари, М37 “Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши” йўлида ерости пиёдалар ўтиш йўли барпо этилди.

Сирдарё вилоятида ҳам йўлларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари янги босқичга чиққан. 2026 йилда жами 423 км. йўлни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, бу мақсадга 512,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Айниқса, халқаро аҳамиятга эга М39 автомобиль йўлининг Оқолтин тумани ҳудудидан ўтган қисмида кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўл қопламаси янгиланиб, қатнов қисми кенгайтирилмоқда ва замонавий инфратузилма элементлари жорий этилмоқда.
Шунингдек, жойларда кўприклар мустаҳкамланмоқда, дренаж тизимлари янгиланмоқда, хавфсизлик тўсиқлари ва йўл белгилари ўрнатилмоқда.

М39 “Олмаота – Бишкек – Тошкент – Шаҳрисабз – Термиз” автомобиль йўли мамлакатимизнинг энг муҳим транзит йўлакларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўл орқали суткасига 50 мингга яқин транспорт воситалари ҳаракатланади.
Ҳозирда йўлнинг 1255–1315 км қисми (60 км) тўлиқ реконструкция қилинмоқда. Лойиҳа халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилиб, унинг қиймати 153,9 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида 8 та кўприк, 6 та икки сатҳли йўл айланмаси, 6 та ерости пиёдалар ўтиш йўли, 13 та чорва ўтиш жойи қурилиши кўзда тутилган. Ҳозирга қадар 15 км. йўл фойдаланишга топширилган.
Қурилиш жараёнларида цемент-бетон қопламалар, замонавий дренаж тизимлари ва юқори сифатли материаллардан фойдаланилмоқда. Бу эса йўлларнинг хизмат муддатини узайтириш ва уларнинг бардошлилигини таъминлашга хизмат қилади.
Йўл ва кўприклар қурилиши нафақат транспорт ҳаракатини енгиллаштиради, балки логистика имкониятларини кенгайтиради, тадбиркорликни ривожлантиради, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширади.
Самарқанд, Сирдарё ва бошқа ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли йўлсозлик ва кўприксозлик ишлари мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу эса аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракат муҳитини яратиш билан бирга, иқтисодий тараққиётга ҳам мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА