Йўл инфратузилмасини яхшилаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда
Автомобиль йўллари — иқтисодиётнинг қон томири, аҳоли турмуш сифати ва ҳудудлар ўртасидаги боғлиқликни таъминловчи муҳим инфратузилма ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл-транспорт тармоғини модернизация қилиш, янги йўллар қуриш ва мавжудларини таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ ҳудудлардаги ҳолат таҳлил қилинганда, йўллар сифати бир хил эмаслиги, айрим жойларда қопламаларнинг эскириши, чуқурлар пайдо бўлиши ва ички йўлларнинг таъмирталаб аҳволга келиб қолгани кузатилмоқда. Бу эса аҳолининг кундалик ҳаракати, транспорт хавфсизлиги ва иқтисодий фаолликка бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Хўш, республика ҳудудларидаги йўллар сифати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича қандай амалий ишлар қилинмоқда?
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот тақдим этди.
Мутахассисга кўра, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги “Талисангобод” маҳалла фуқаролар йиғини бу борадаги амалий ишларга яққол мисол бўла олади. Президентнинг ташаббусли бюджетлаштириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарори асосида маҳалладаги Талисанг, Қуйи Чақар ва Хонабод қишлоқларида 3,2 километрдан ортиқ ички йўлларни асфальтлаш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун 1 миллиард 471 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу аҳолининг кўп йиллик муаммоларини ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам йўл инфратузилмасини яхшилаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Хусусан, Гулистон тумани ҳудудидан ўтувчи 20V010 автомобиль йўлида асфальт-бетон қопламаси ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Белгиланган муддатларда қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаш мақсадида махсус техника ва ишчи-ходимлар жалб қилинган.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Зарметан маҳалласида ҳам ички хўжалик йўлларининг 3,2 километр қисмида асфальт-бетон қопламаси ётқизиш ишлари бошлаб юборилган. Йўлларнинг замонавий талабларга жавоб бериши ва аҳоли учун қулайлик яратиши мақсадида қурилиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида давлат аҳамиятига эга D034 автомобиль йўлининг айрим қисмларида пайдо бўлган нуқсонлар замонавий технологиялар ёрдамида бартараф этилмоқда. Фрезалаш ва иссиқ асфальт-бетон қопламаси билан таъмирлаш ишлари йўл сифати ва хизмат муддатини оширишга қаратилган.
Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида эса 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури доирасида йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Қўнғирот шаҳри – Равшан Саксовулсой” автомобиль йўлининг айрим қисмларида кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари пойтахт атрофидаги транспорт хавфсизлигини ошириш мақсадида Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида ерусти пиёдалар ўтиш йўллари қурилиши давом эттирилмоқда. М39б автомобиль йўлининг бир нечта нуқталарида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт ҳаракатини янада тартибга солишга хизмат қилади.
Ушбу мисоллар мамлакатнинг турли ҳудудларида йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланганини кўрсатади. Янги йўллар, замонавий қопламалар ва хавфсизлик иншоотлари нафақат ҳаракатланиш қулайлигини оширмоқда, балки аҳолининг турмуш сифати, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги ва иқтисодий фаоллигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА