Йирик инвестициялар самараси
Қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий бошқарув тизимининг жорий этилиши аграр тармоқ ривожида катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу янгиланишлар янги имкониятларни ишга солиш ва юқори марраларни забт этиш учун ҳам кенг йўл очяпти. Йўналишнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши эса пахтачилик тармоғининг ривожига хизмат қилмоқда.
“Парвоз хумо равнақ транс” масъулияти чекланган жамиятига 2017 йилда Ғиждувон туманидаги умумий ер майдони 9,1 гектардан иборат бўш турган собиқ ип йигирув фабрикаси инвестиция киритиш шарти билан ноль харид қийматида берилган эди. Корхонага 2018 йилда 20 миллион доллар имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг эвазига Швецария давлатининг замонавий ип-калава ишлаб чиқариш технологиялари келтириб ўрнатилди. Шунингдек, фаолиятнинг дастлабки даврида корхона томонидан жами қиймати 27 миллион доллардан иборат инвестиция ўзлаштирилди. 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ўша пайтда жамият томонидан йилига 180 миллиард сўмлик 9,1 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган эди. 2-босқичда 2020-2021 йилларда қиймати 155,4 миллиард сўмлик пахта толасидан ҳамда кимёвий толалар аралашмасидан ип-калава ва тайёр мато ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш эвазига 400 нафар янги иш ўрни яратилди. Бугун эса бу рақамлар салмоғи янада ортди.
[gallery-15198]
–2018 йилда биринчи фаолият бошланган бўлса, 2019 йилда давлат раҳбарининг пахта тўқимачилик соҳасида олиб борилган оқилона сиёсатлари бу кластерликни жорий қилиш борасида чиқарган фармонлари эвазига бизни корхонамизда ҳам жуда катта имкониятларни берди, – дейди “Парвоз хумо равнақ транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нодир Умаров. – 2018-2023 йиллар давомида 83 миллион АҚШ долларлик инвестициялар жорий қилинди. Бунинг эвазига пахта хомашёсини қайта ишлашдан то тайёр трикотаж кийим маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнигача бўлган лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг эвазига бизга бугунги кунда 3 минг 747 нафар ходим фаолият кўрсатаётган бўлса, 2023 йилда йирик бир лойиҳани амалга ошириш натижасида 150 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Бунинг эвазига 2 минг 500 нафар фуқароларимиз иш билан таъминланди.
Лойиҳанинг учинчи босқичида мақсадлар янада катта олинди. Ҳар бири 7 минг квадрат метрли 5 қаватли бино қуриб битказилди. Бу эса 1000 нафар ишчи ўрни яратилишига асос бўлди. Умумий қиймати 200 миллиард сўмдан иборат бўлган тикувчилик комплекси фаолияти ташкил этилиши табиийки ишлаб чиқариш кўламини ҳам кенгайтирди.
–Бугунги кунда корхонамиз томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр трикотаж кийим маҳсулотларимиз жаҳон бозорларида ўз ўрнини эгаллаб, амалга оширилган экспорт ҳажми 35 миллион АҚШ долларини ташкил қиляпти, – дейди жамият раҳбари Нодир Умаров. – Режаларимиз улкан. Ишлаб чиқарадиган маҳсулотимизни бутун жаҳон бозорини эгаллайдиган бренд даражасига етказиш.
Жамиятда асосан маҳаллий ёшлар ва хотин-қизлар ишлайди.
–Корхонада 2021 йилдан буён қадоқлаш бўлими мудири вазифасида ишлайман, – дейди корхона ишчиси Чаросхон Рўзиева. – Корхонамизда ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Ойликларимиз вақтида бериляпти.
Бугун жамият дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Европанинг энг катта бозорларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёрлиғи билан янги бренддаги маҳсулотлар етказиб бериляпти. Янги линиянинг ишга туширилиши эса яна қўшимча имкониятларни тақдим қилди.
Маълумот учун, сўнгги йилларда Бухорода 10 та пахта-тўқимачилик йўналишидаги кластерлар фаолияти йўлга қўйилди. Ўтган 5 йил давомида вилоят бўйича пахта толасини қайта ишлаш даражаси 28 фоиздан 76 фоизга, ип-калава ишлаб чиқариш қуввати 69 минг тоннадан 112 минг тоннага, ип-газлама ишлаб чиқариш қуввати 4,5 миллиард. кв.метрга ёки 4,9 баробарга ўсди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.