Ўйинчоқ ишлаб чиқариш истиқболлари
Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Республикамизда болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва келажакда тармоқни янада ривожлантириш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Республикамизда болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва келажакда тармоқни янада ривожлантириш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Божхона қўмитаси, “Ўстандарт” агентлиги масъуллари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган изчил ислоҳотлар самарасида болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш тармоғи жадал ривожланиб, маҳсулотлар рақобатбардошлиги ортиб бораётганини таъкидлади.
Болаларнинг ҳаракатланиш ва ақлий имкониятларини руёбга чиқаришда муҳим пойдевор вазифасини ўтайдиган ўйинчоқлар ёш авлоднинг ташқи дунёни англаши, яхшилик ва эзгулик каби тушунчаларнинг шаклланишида муҳим воситалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 32 корхонада болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ 2014-2016 йилларда кўплаб турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кўзда тутилган бўлса, 2015-2019 йилларга мўлжалланган дастурдан икки ва уч оёқли велосипед, болалар қўғирчоқлари ва автомобиллари, пластмасса ўйинчоқлар сингари маҳсулотлар ўрин олган.
Болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқаришда давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш, бу борадаги мавжуд имкониятлар, хусусан, илмий-техникавий, ижодий ва ишбилармонлик соҳаларидаги салоҳиятдан самарали фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган механизмларни такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
– Биз атлас, адрас ва бошқа миллий матолардан миллий ўйинчоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз, – дейди фарғоналик тадбиркор, «Ойдиной қўғирчоқлари» оилавий корхонаси раҳбари Ойдин Бурҳонова. – Халқимизнинг кўп асрлик анъаналари руҳида ишлангани боис маҳсулотларимизга қизиқиш ортиб бормоқда.
Тадбирда рақобатбардош болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш импорт ҳажмининг қисқариши, ички бозорларимизни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Тадбиркорлар саволларига мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.