“Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2026”: соҳа билимдонлари аниқланмоқда
Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ўртасида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2026” касбий кўрик-танловининг республика босқичи синовлари ташкил этилмоқда.
Мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида тизим ходимлари учун 2019 йилдан бошлаб “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг апрель-май ойларида танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичлари ташкил этилди. Туман (шаҳар) босқичида иштирок этиш учун жами 16 минг 825 нафар (15 минг 820 нафар директор ўринбосари ва тарбиячи, 1 минг 5 нафар оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячиси) номзодлар рўйхатдан ўтди.

Танловда давлат мактабгача таълим ташкилотлари мутахассислари “Энг намунали директор ўринбосари”, “Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи”, “Рақамли ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи”, “Маънавий қадриятлар тарбиячиси” каби номинациялар бўйича маҳоратларини намойиш этди.
Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари эса “Ўйин орқали болаларни ривожлантирувчи ижодкор тарбиячи”, “Энг намунали тарбиячи” номинацияси бўйича ўз билим ва кўникмаларини кўрсатди.
Танловнинг туман (шаҳар) саралаш босқичида иштирокчилар 3 та шарт бўйича синовдан ўтказилди. Якуний натижаларга кўра, 1 минг 664 нафар иштирокчи танловнинг ҳудудий саралаш босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

Жорий йилнинг 4-8 май кунлари танловнинг ҳудудий саралаш босқичи ўтказилди. Мазкур босқичда иштирокчилар 3 та шарт бўйича билим ва малакаларини синади. Якуний натижаларга кўра, 107 нафар иштирокчи танловнинг Республика финал босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида танловнинг республика финал босқичи иштирокчилари педагогик маҳоратни аниқлаш, мактабгача таълим ва тарбия сифатини оширишга оид лойиҳа тақдимоти ҳамда тест синови шартларида билим ва малакаларини синовдан ўтказяпти.
Танловнинг республика финал босқичи ғолиблари бир марталик пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, олий маълумотли ғолибларнинг малака тоифалари бир поғона оширилади, олий маълумотга эга бўлмаган ғолиблар олий таълим муассасаларининг “Мактабгача таълим” йўналишига кириш имтиҳонларисиз ўқишга кириш имтиёзини қўлга киритади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири