“Йил сардорлари” аниқланди
Андижонда “Йил сардори” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2020 йилда ёшлар билан бўлган учрашувида ёшларнинг лидерлик қобилиятларини рўёбга чиқариш, сардорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида "Йил сардори" республика кўрик-танловини ўтказиш таклифини илгари сурган эди.
[gallery-2181]
Ана шу таклиф асосида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ушбу танлов ўтказилмоқда.
Андижон вилоятида мазкур танловнинг мактаб, туман, шаҳар ва минтақавий босқичларида 3 минг нафардан зиёд таълим муассасалари, ёшлар ташкилотларидаги 10-14 ёшдаги “Камалак” ва 14-18 ёшдаги “Иттифоқ” сардорлари иштирок этди.
Қуйи босқичларда ғолибликни қўлган киритган фаол, билимдон ва ташаббускор 18 нафар сардор кўрик-танловнинг вилоят босқичида белгиланган тўртта шарт бўйича ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, Андижон шаҳридаги 45- умумтаълим мактаби ўқувчиси Омина Содиқжонова ҳамда Андижон шаҳридаги 35-давлат ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Ҳасанбой Набиев биринчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг дипломи, “Йил сардори” статуэткаси ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА