"Йил ўқитувчиси" танловининг бахмаллик ғолиби
Президент ташаббуси билан жорий этилган “Йил ўқитувчиси” танловининг якуний натижалари асл меҳнат соҳибларини кенг жамоатчиликка танитди. Илк бор ўтказилган ушбу танловда Жиззах вилоятининг Бахмал тумани ихтисослаштирилган мактаби кимё фани ўқитувчиси Турғун Жонзоқов ҳам ғолибликни қўлга киритди.
Бу бир устознинг шахсий ютуғи бўлиш билан бирга, Бахмал тумани таълим тизими учун ҳам қувончли воқеа. Айниқса, кимё фани каби мураккаб ва кенг қамровли билимларни ёш авлодга пухта етказиш, уларни изланиш ва кашфиётларга қизиқтириш ўқитувчидан юксак касбий маҳорат билан бир қаторда, сабр ва ижодий ёндашувни ҳам талаб этади.

“Йил ўқитувчиси” танловининг мазмун-моҳияти ҳам педагог касбининг ана шу жиҳатларини юзага чиқаришга қаратилган. Ушбу танловнинг асосий мақсадларидан бири касбий салоҳияти ва педагогик маҳорати юқори бўлган ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш ва таълим сифатини оширишга ҳисса қўшишдан иборат.
Жорий йилги танловда 46 минг нафардан ортиқ педагог иштирок этгани унинг қамрови ва ўқитувчилар ўртасидаги қизиқиш юқори бўлганини кўрсатади. Якуний натижаларга кўра, 208 нафар педагог ғолибликни қўлга киритди.

Мукофотнинг салмоғи, аввало, ўқитувчи меҳнатига бўлган эътибор ва рағбатнинг янги босқичини ифода этади. Бироқ ҳақиқий устоз учун энг катта мукофот шогирдларининг ютуғи, уларнинг илмга интилиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишидир.
Турғун Жонзоқовнинг “Йил ўқитувчиси” танловидаги ғолиблиги ана шу эзгу меҳнатнинг муносиб эътирофи бўлди. Бахмаллик устознинг бу зафари ортида таълимга муҳаббат, касбга садоқат ва доимий изланиш бор.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири