Йигирма йиллик муаммога ечим топилди
Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими тубдан такомиллашиб, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва манфаатлари таъминлаб келинмоқда.
Жумладан, Наманган вилоятининг Мингбулоқ тумани адлия бўлимига фуқаро Акобир Салимов мурожаат қилиб, 2004 йилда туғилганлиги, 20 ёшга етган бўлса-да, ҳозирга қадар туғилганлик гувоҳномаси олмаганлиги, бу борада бир неча маротаба давлат идораларига мурожаат қилганига қарамай, муаммоси ижобий ечим топмаганлигини баён қилган.
– Ушбу мурожаат иш юритувига олиниб, ўрганиш давомида аниқланган ҳолатлар ва тақдим этилган ҳужжатларга асосан А.Салимовнинг манфаати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига туғилганлик фактини белгилаш юзасидан ариза киритилди, – дейди Мингбулоқ туман адлия бўлими бошлиғи Ҳалимжон Қобилов. – Мазкур ариза суд мажлисида кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ, Салимов Акобир Бахтиёржон ўғлини 2004 йил 8 августда туғилганлик факти тасдиқланди.
Суд қарори асосида туман адлия бўлими Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш идораси томонидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома Акобир Салимовга тантанали равишда тақдим қилинди. Натижада йигирма йиллик муаммога қонуний ечим топилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.