Ёшларга эътибор бу – келажакка эътибор
Президентимизнинг биз, ёшларга йўллаган табригини ўзгача бир шукуҳ, кўтаринки кайфият билан ўқиб чиқдик.
Президентимизнинг биз, ёшларга йўллаган табригини ўзгача бир шукуҳ, кўтаринки кайфият билан ўқиб чиқдик. Бу табрик биз ёшлар учун қанот бўлиб хизмат қилади, албатта.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшларнинг ақл-заковатли, кучли, теран идрокли, санъат, ижод ва спортдаги оламшумул ютуқлари билан дунёни лол қолдириши, мухтасар айтганда, ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини жаҳонаро намоён этиши учун катта имкониятлар яратилди. Бугун турли жабҳаларда ғолиб ва музаффар ўғил-қизларимиз юртимизни бутун дунёга танитмоқда. Бундан ҳақли равишда ғурурланамиз, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади. Бу ўз навбатида, ҳар бир юртдошимиз эл-юрт истиқболи, Ватан тараққиёти, навқирон авлод келажаги йўлида қайғураётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ёшлар билан боғлиқ энг муҳим масалаларни белгилаб олган ҳолда муаммоларга ечим топиш бугунги кунда устувор вазифа ҳисобланади. Ёшлар бандлигини таъминлаш ана шундай долзарб масалалардан бири эди. Турли лойиҳалар, узоқни кўзлаб қилинган чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда.
Доимий иш билан банд бўлган ёшларнинг бекорчи нарсаларга сарфланадиган вақти бўлмайди, севимли касб эгасининг эртанги кунидан кўнгли тўқ, руҳи эса баланд бўлиши, табиий. Энг асосийси, у мақсад билан яшайди. Зеро ёшларга эътибор келажакка эътибор.
Буни Ғиждувон туманида ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Биргина 2019 йилнинг ўзида туманда ишсиз ёшлар 5940 нафарни ташкил этган бўлса, йил якунида 3430 нафардан ортиқ ёшларни доимий иш билан таъминлашга эришилди. Жорий йилда туманда 1425 нафар ишсиз ёшлар рўйхатга олинган бўлса, ўтган даврнинг 6 ойи давомида 825 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Дарҳақиқат, янги ишга кирган ёшнинг қувончи бошқача бўлади. Унинг ҳаётга мустақил одимлари мустақил фаолият бошлашида кўринади. Мутасадди ташкилотлар томонидан ташкил этилган лойиҳалар доирасида ўз ишини топган, ҳунарли бўлган, ўз касбининг мутахассиси сифатида фаолият бошлаган, турли соҳаларда кимларгадир нафи тегаётган ёшлар битта бўлса ҳам, мингта бўлса ҳам жамият учун арзигулик муваффақият ҳисобланади. Чунки ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан мамлакат ривожига ҳисса қўшаётганларнинг сафини кенгайтиришга эришиш мумкин.
Ёшларимиз бизнинг фахримиз, бизнинг қанотимиз, эртанги кунимизнинг меваси. 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ушбу қутлуғ айёмда барчамиз ёшлик инсон умрининг нақадар гўзал ва беғубор фасли, улкан орзу-умидлар, беқиёс имкониятлар даври эканини янада чуқур ҳис қилиб, навқирон ёшларимизга энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Ишончимиз комилки, ёшларимиз замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаб, ўз амалий ишлари, ғайрат-шижоатлари билан жонажон Ватанимизга муносиб, садоқатли фарзандлар бўлишади. Мамлакатимиздаги барча ёшларни Ёшлар куни билан қутлаб, уларга сиҳат-саломатлик, шахсий ҳаётларида янги ютуқ ва омадлар тилаб қоламиз.
Бобомурод ОЧИЛОВ,
Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Ғиждувон тумани Кенгаши раиси,
халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати.