“Ёшлар уйлари” кимларга, қай тартибда берилади? (+видео)
Шу ўринда қайси тоифадаги ёш оилалар имтиёзли уйларга эга бўлишлари мумкин, деган ҳақли савол туғилади.
Жорий йилда мамлакатимизда нечта “Ёшлар уйлари” қурилади ва улар кимларга берилади? Тошкент шаҳрининг қайси ҳудудида “Ёшлар уйлари” қад ростлайди? Пойтахтдан “Ёшлар уйлари”ни олмоқчи бўлганларнинг аризалари нега маълум вақт қабул қилинмади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ва бошқа саволларга батафсил жавоб берилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланди.
Маълумки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг энг йирик лойиҳаларидан бири бу – мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган “Ёшлар уйлари” лойиҳаси ҳисобланади.

Таъкидланишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2014-2016 йилларда 3 минг 604 та, 2017-2019 йилларда 2 минг 668 та, жами 6 минг 272 та хонадондан иборат “Ёшлар уйлари” мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган, алоҳида яшаш жойига муҳтож бўлган ёш оилаларга ажратилган.
Шу ўринда қайси тоифадаги ёш оилалар имтиёзли уйларга эга бўлишлари мумкин, деган ҳақли савол туғилади. Вазирлар Маҳкамасининг юқорида айтилган қарорига мувофиқ Республика комиссияси томонидан имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишга тавсия этиладиган номзодлар бир нечта мезонлар асосида сараланади. Турар жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган ҳамда фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган ёш оилалар – қоидага кўра, Давлат мукофотлари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиблари, нуфузли халқаро ва республика мусобақалари, танловлар ва олимпиадалар совриндорларига берилади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида камида уч йил мобайнида фаолият олиб бораётган ижтимоий фаол ёш оилаларга – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши тақдимномаси асосида уй-жой ажратилади. Шунингдек, фаолият юритаётган меҳнат жамоасида алоҳида намуна ва хизмат кўрсатган ёш оилаларга – давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларининг раҳбарлари тавсиясига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши тақдимномаси асосида уй-жойга номзод ёш оила сифатида ҳисобга қўйилади.

Матбуот анжуманида 2020 йилда республикамизда қурилиши режалаштирилган “Ёшлар уйлари” ҳақида маълумот берилди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 сентябрдаги “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2018-2021 йилларда мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш параметрлари тасдиқланган бўлиб, йиллар давомида ҳудудлар бўйича ажратиладиган уй-жойлар сони белгиланган, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Акмал Жумабоев. – Мазкур қарорга кўра, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 96, Андижонда 151, Бухорода 160, Жиззахда 112, Қашқадарёда 160, Навоийда 144, Наманганда 64, Самарқандда 160, Сурхондарёда 128, Сирдарёда 90, Фарғонада 176, Хоразмда 96, Тошкент вилоятида 192 та ҳамда Тошкент шаҳрида 420 та уй-жой ажратилиши белгиланган.

Имтиёзли уйлардан кимлар оляпти, кимлар ҳужжат топширмоқда каби саволларга ўрин қолмаслиги учун очиқлик механизми яратилди. Шу сабабли орада маълум вақт ёш оилалардан “Ёшлар уйлари” учун ҳужжатлар қабул қилиш тўхтатиб қўйилган эди. Аризалар қабул қилиш яна қайта тикланди. Ёш оилалар пойтахтнинг исталган туманидан ўз ҳужжатларини жойлардаги комиссияга топшириши мумкин. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида қуриладиган “Ёшлар уйлари”дан олиш учун 500 дан ортиқ ёш оила ариза топширган. Имтиёзли уй-жойлар 2019 йил Сергели туманининг “Чоштепа” МФЙ ҳудуди, 8- ва 9-қурилиш участкаларида қурилди. 2020 йилда имтиёзли уйлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари талабига асосан қурилади. Жорий йилда пойтахтнинг қайси ҳудудидан “Ёшлар уйлари” қурилиши ҳали аниқ эмас. Бу баҳор фаслида аниқ бўлади.
Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2020 йилдан бошлаб қуриладиган уй-жойлар учун дастлабки бадаллар ҳамда кредит бўйича биринчи беш йилдан кейинги фоиз тўловлари ёш оилаларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкаси қатъий белгиланган 7 фоиздан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача босқичма-босқич ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.