Ёшлар масаласида ҳамкорлик
Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа келгусида мазкур ташкилотларни ҳам зарур кадрлар билан таъминлаш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси, Ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Вилоятдаги учта бошқарма ўртасида ёшлар масаласига оид мазкур ҳужжатни имзолашдан кўзланган мақсад ёш авлоднинг мамлакатни янада демократлаштириш ва янгилаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнидаги кенг иштирокини таъминлаш, ёшларда давлат хизматларидан фойдаланиш маданиятини, жумладан, электрон давлат хизматларидан фойдаланишга доир амалий кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Ҳамкорлик меморандуми қўйидаги вазифаларни қамраб олади. ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва иш билан таъминлашга қаратилган тизимли ишларни амалга ошириш, давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, давлат хизматлари кўрсатишда бюрократик тўсиқ ва ғовларга йўл қўймаслик йўналишида мақсадли ишларни амалга ошириш, ҳамда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг давлат хизматларидан фойдаланишга доир маданиятини шакллантиришга қаратилган.
- Ҳамкорлик меморандуми ва унинг мазмун моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишни мўлжаллаганмиз, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Исломбек Йўлдошев. – Ўқув семнарларини энг аввало ёшлар етакчилари учун ташкил қиламиз. Кейин улар ўзи фаолият олиб бораётган, идора, ташкилот ва муассасада ёшлар билан тадбир ўтказади. Шунингдек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳам махсус материаллар орқали ёшларнинг давлат хизматларидан осон, қулай ва тўғри фойдаланишлари учун материаллар бериб борилади. Ўйлайманки, мазкур ҳужжат учта ташкилот, айниқса ёшлар учун жуда фойдали бўлади.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа келгусида мазкур ташкилотларни ҳам зарур кадрлар билан таъминлаш имконини беради.

