Ёшлар – келажак бунёдкори
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши ташаббуси билан “Беш ташаббус – беш имконият” шиори остида фестиваль ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши ташаббуси билан “Беш ташаббус – беш имконият” шиори остида фестиваль ўтказилди.
Биринчи ташаббус доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш мақсадида “Ватан - менинг нигоҳимда”, “Шаҳримнинг янги қиёфаси” мавзуларида расмлар танлови ўтказилди, “Элпарвар” бадиий фильми ёшларга намойиш этилди. “Ватан келажаги сенинг қўлингда” лойиҳаси доирасида “Бахтли элнинг бахтли фарзандларимиз”, “Вақт қадри”, “Имконият, ҳаракат ва натижа”, “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзуларидаги семинар-тренингларда ёшлар фаол иштирок этди.
Иккинчи ташаббус бўйича ёшлар марафони, спортнинг қиличбозлик ва каратэ-до турлари бўйича мусобақалар, “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида спорт усталари ва ёшлар билан учрашувлар, таниқли спортчилар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Аҳоли ва ёшлар ўртасида “Ахборот технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш” мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилиши замирида эса учинчи ташаббус кўзда тутилган мақсад мужассамдир.
Бундан ташқари, “Ёшлар кутубхонаси”, “Китоблар карвони” лойиҳалари доирасида китоб ярмаркаси, янги китоблар кўргазмаси, ёш китобхонлар ўртасида “Мен ўқиган китоб” танлови, “Билимдонлар аренаси” интеллектуал ўйинлари ҳеч бир йигит-қизни бефарқ қолдирмади.
Хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, уларнинг тадбиркорлик бўйича билим ва кўникмасини ошириш мақсадида “Тадбиркорлик сирлари”, “Ҳунарлининг қўли гул” маҳорат дарслари, ёш оилалар учун “Оила психологияси”, “Фикрлар қувват бахш этади” мавзусида психологик семинар-тренинглар, “Бизнес саёҳат” лойиҳалари бешинчи ташаббус асосида бўлиб ўтди.
“Ёшлар – келажак бунёдкори!” шиори остидаги гала-концертда акция доирасида ўтказилган тадбирларнинг ғолиб ва фаол иштирокчилари рағбатлантирилди.



