Ёшлар бандлигини таъминлашда банкларнинг ўрни
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда банк тизимининг устувор вазифалари” мавзусида йиғилиш ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда банк тизимининг устувор вазифалари” мавзусида йиғилиш ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тижорат банкларининг инвестиция портфелларини мониторинг қилиш департаменти директори А.Қосимов, “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси Ж.Обиджонов, Ўзбекистон Банклари уюшмаси раиси С.Абдуллаев, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида банк тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони коллеж битирувчиларининг банк кредитлари эвазига ўз бизнесини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фармонда белгиланган чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва маҳаллий ҳокимиятлар ҳамкорлигида ёш тадбиркорлар ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, янги иш ўринлари ташкил этиш борасидаги қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
– Жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан 16 минг 900 дан ортиқ ёш оиланинг мурожаати ижобий ҳал этилди, – дейди Марказий банк департаменти директори ўринбосари Камрон Ўтбосаров. – 8 минг 882 талабага 26,5 миллиард сўм таълим кредити ажратилди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун 124,2 миллиард сўм, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баравар кўп миқдорда кредитлар берилди. Бунда тижорат банкларида коллеж битирувчисининг микрокредит олиш учун таъминоти етарли бўлмаса, яқин қариндошларининг (ота-она, ака-ука, опа-сингил) иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш орқали кафиллик бериш амалиёти жорий этилгани ўз самарасини бермоқда.
Ёшларни замонавий турар жой билан таъминлаш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ҳар бир вилоятнинг учта туманида 48 хонадонли “Камолот” уйлари қурилмоқда. Бунинг учун тижорат банкларида 103,4 миллиард сўмлик кредит линиялари очилган.
Тижорат банклари янги иш ўринлари яратишда фақат таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш билан чекланиб қолмай, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратаётир. Шу мақсадда кредит ташкилотлари томонидан жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кўллаб-қувватлашга 8,5 триллион сўм, иқтисодиёт реал сектори корхоналарини техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун 8 триллион сўмдан ортиқ инвестицион кредитлар ажратилиши белгиланган.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси шундай тадбирлардан биридир. Лойиҳа доирасида касб-ҳунар коллежларида тадбиркорлик бурчаклари ташкил этилиб, уларга бириктирилган банк ходимлари томонидан кўплаб оилаларга кредит ва грантлар олиш бўйича маслаҳатлар берилди.
Анжуманда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, улар яратаётган инновацион лойиҳаларни хусусий сектор фаолиятига кенг жалб қилишга доир маърузалар тингланди.