Ёш тадбиркор – юртга мададкор
Сирдарёда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Сирдарёда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, тижорат банклари ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танловда ўн саккиз ёшдан ўттиз ёшгача бўлган юздан зиёд ёш тадбиркор ўз бизнес режалари билан иштирок этди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Ушбу анъанавий танлов ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида ўтказилган семинарда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид қонунлар, бизнес-режа тузиш ва уни рўёбга чиқаришда банк кредитларидан фойдаланиш каби соҳага тегишли масалалар юзасидан ёшларга тушунча ва тавсиялар берилди.
Натижаларга кўра, ўн нафар истиқболли лойиҳа соҳиби танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган кенг имкониятлар биз, ёшларни янада кўпроқ изланиш, мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилишга ундамоқда, – дейди танлов иштирокчиси Бахтиёр Ёқубов. – Мен ҳам бундай эътибор ва ғамхўрликдан руҳланиб, турли лойиҳалар устида ишладим. Бугунги танловда бизнес ғоям ғолиблар сафида эътироф этилиб, мамлакат босқичига йўлланма олганимдан жуда хурсандман.