Ёш олимлар янги ишланмаларни таклиф этмоқда
Шу муносабат билан 3 октябрь куни Тошкентда “Ўзбекистон –Беларусь” халқаро илмий-техник лойиҳалар ва илмий стажировкалар иштирокчиларининг 1-республика форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги юз нафарга яқин ёш олимни Беларусь Республикасига илмий стажировка ўташ учун юборган эди. Шу билан бирга, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг 20 дан зиёд раҳбар ходими ҳам инновацион фаолиятни бошқариш ва тижоратлаштириш бўйича ушбу мамлакатда малака ошириб қайтди.
Шу муносабат билан 3 октябрь куни Тошкентда “Ўзбекистон –Беларусь” халқаро илмий-техник лойиҳалар ва илмий стажировкалар иштирокчиларининг 1-республика форуми бўлиб ўтди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич ва бошқалар давлатларимиз ўртасида илмий-техник ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланаётганини таъкидлади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Беларусь Республикаси Фан ва технологиялар давлат қўмитаси ўртасида икки томонлама илмий-техник ҳамкорлик бўйича эришилган келишувлар доирасида бугунги кунда умумий қиймати 7,4 миллиард сўмлик 15 та қўшма илмий-техник лойиҳа амалга оширилаётир. Шунингдек, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида 2 та замонавий қўшма илмий лаборатория ташкил этилмоқда.
Форумда иштирок этган ёш олимлар Беларусь Республикасида энергия тежамкор технологиялар, геоахборот тизимлари технологиялари, иммунобиология, замонавий тиббий ташхис усуллари каби кўплаб йўналишлар бўйича олган амалий тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Илмий стажировка давомида Беларусь Миллий Фанлар академияси илмий муассасаларида бактерияларни идентификациялаш усулларининг назарий-амалий асосларини ўргандим, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти таянч докторанти Хонсулув Соҳибназарова. – Бактерияларни идентификация қилиш усуллари кўплаб соҳаларда, хусусан, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида турли касалликларни келтириб чиқарувчи замбуруғлар, бактерияларни аниқлаш имконини беради.
Тадбирда халқаро илмий стажировкалар асосида янги таклиф ва ишланмалар илгари сурилди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети электр машиналари кафедраси мудири Олимжон Тоировнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича инновацион ишланмаларидан бири инфрақизил нурлар ёрдамида иситишни таъминлайдиган автоматлаштирилган тизим ҳақида. Бу тизим биноларда замонавий, инновацион технология талабларига жавоб берадиган микроиқлимни яратиш учун мўлжалланган. Унинг ишлаш принципи электр энергияни инфрақизил диапазонида электромагнит тўлқини энергияси ўзгариши орқали иссиқлик энергиясини олиш ва ундан биноларни иситишда қўллашга асосланган.
Ушбу ишланма биноларни иситишда қўлланилганда мавжуд иситиш тизимига нисбатан энергия ресурслари истеъмоли 2 бараваргача тежалади. Иссиқхоналарда фойдаланилганда ҳосилдорликнинг ошиши ва маҳсулотнинг сифати яхшиланишига самарали таъсир кўрсатади.
– Беларусь Республикасига ташкил этилган малака ошириш дастури ҳар бир тадқиқотчида янги ғоялар пайдо бўлиши ва илмий ишланмалар яратилишига туртки берди, – дейди О.Тоиров. – Шу билан бирга ўзаро илмий-техник алоқалар янги келишувлар билан бойиди. Жумладан, Беларусь Миллий Фанлар академияси Энергетика институти ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ўртасида келишув шартномаси имзоланди. Ушбу шартномада биргаликда икки томонлама илмий лойиҳаларда иштирок этиш, ўқув қўлланма ва адабиётлар яратиш, халқаро журналларда илмий мақолалар чоп эттириш, илмий-амалий конференцияларда иштирок этиш кўзда тутилган.